Ар-Риёд аэропортида ошқозонида тахминан бир килограмм героин гиёҳвандлик моддасини олиб ўтмоқчи бўлган йўловчи чегарачилар томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда "Ал-Ихбория" маҳаллий телеканали хабар бермоқда.

Божхона хизмати директори Султон ал-Фоҳиднинг каналга хабар беришича, етиб келган рейслардан бирининг йўловчиларини текширувдан ўтказиш пайтида саёҳатчилардан бири шубҳа уйғотган. Уни алоҳида текширувдан ўтказишга қарор қилишган.

"Йўловчи ошқозонида “героин” гиёҳвандлик моддаси бўлган 110та капсула аниқланди. Унга нисбатан тегишли чоралар кўрилди", - деб хабар берди директор.

Канал маълумотларига кўра, барча капсулаларнинг оғирлиги – тахминан 865 граммга тенг.

Рейс қаердан келгани ва у қайси давлатнинг фуқароси эканига ойдинлик киритилмаган.

Маълумот учун, Саудия Арабистонида гиёҳванд моддалар контрабандаси, у билан савдо қилиш, сақлаш ва истеъмол қилишга алоқадор шахслар ўлим жазосига маҳкум этилади.