Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан учрашиш ва мулоқот қилиш мақсадида 20 январь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташрифини Хўжайли туманидан бошлади. Давлатимиз раҳбари аввало Хўжайли туманининг марказий шифохонасида бўлди. Бу ерда 10га яқин бўлимларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади. Президентимиз шифохонанинг ҳар бир бўлими фаолияти билан яқиндан танишди. Шифокорлар ва мутахассислар билан бўлиб ўтган мулоқотда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев асосий эътиборини одамлар учун шароитлар яратиш, малакали кадрларни тайёрлаш, бундай биноларни қуришда ҳар бир жиҳатга эътиборни қаратиш, иситиш ва совутиш тизимларини замонавийлаштириш, тиббий хизмат кўрсатишни сифат жиҳатидан юксалтириш каби муҳим йўналишларга қаратди. Мамлакатимиз президенти ижтимоий объектлар бунёд этиш ҳақида фикр билдирар экан, бундай биноларни қуришга алоҳида ёндашув талаб этилишини таъкидлади. 

"Энг катта масала - 2017 йилнинг охирига бориб, Қорақалпоғистонни қандай кадрлар билан таъминлаб беришимиз мумкин? Бизнинг мақсадимиз Хўжайли тумани аҳолисини даволаш эмас - у ўз йўлига - балки профилактика қилиш. Тиббиётга қарашли ҳамма врачлик пунктлари бўладими, бошқа бўладими - ҳаммаси туман тиббиётида бирлашиши керак, мақсад бир бўлиши керак".

Беморлардан хабар олиш, уларнинг кўнглини кўтариш, дардини енгиллатиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади. Мамлакатимиз раҳбари шифохонада даволанаётган беморлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг ҳол-аҳволини суриштирди. Тиббий хизмат, дори-дармонлар билан таъминлаш, бу ердаги шарт-шароитлар билан қизиқди, беморларнинг тезроқ соғайиб кетишига тилак билдирди. Тумандаги "Қорақалпоғистон" номли қишлоқ врачлик пунктида бўлиб ўтган мулоқотда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш мавзуси давом эттирилди. 

"Шифокорлик хизматини адолатли бажарсак, бу давлат билан халқнинг ўртасида энг мустаҳкам кўприк бўлади. Нима учун муҳтарам Президентимиз қишлоқ врачлик пунктларини ташкил қилганлар? Профилактика учун. Биз энг катта мақсад - касалликнинг олдини олишни таъминлай олмаяпмиз", - деди Ш.Мирзиёев. 

Шундан сўнг президентимиз "Мурувват" аёллар интернатига бориб, ушбу муассаса фаолияти билан танишди. 

"Маълумки, ижтимоий ҳимоя мамлакатамизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Жумладан, ногиронлар ва ёлғиз кимсаларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шароит яратиб бериш бўйича кўп иш қилинмоқда, лекин шунга қарамасдан, баъзи жойлардаги мутасадди шахсларнинг масъулиятсизлиги туфайли бу борада жиддий хато ва нуқсонларга йўл қўйилаётганлиги ғоят ачинарлидир. Минг афсуски, шу мурувват уйи мисолида шундай ҳолларга дуч келиб турибмиз", - деди давлатимиз раҳбари ва мавжуд аҳволни тубдан ўзгартириш учун зарур кўрсатмалар берди.