Сурияда қуролли можаро оқибатида давлат ва хусусий мулк объектларига етказилган молиявий зарар миқдори 178 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетди. Бу ҳақда мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Мунзер Мунзер ташкилот Хавфсизлик Кенгаши котибиятига йўллаган мактубида айтиб ўтган.

БМТ сайтида тақдим этилган ҳужжатда “Сурия Араб Республикасидаги давлат ва хусусий мулк объектлари, жумладан коммунал хўжалик объектларига доимий равишда мол-мулкни қуролланган террорчилик гуруҳлари томонидан йўқ қилиниши оқибатида етказилган зарар” ҳақидаги маълумотлар акс этган жадваллар келтирилади.

Сурия ҳукуматининг тахминларига кўра, бу давр мобайнида вазирлик ва уларнинг идораларига бевосита етказилган зарар миқдори 27 миллиард доллар, билвосита зарар эса 151 миллиард долларни ташкил этди. Энг кўп талафот нефть ва минерал ресурслар вазирлиги таркибида бўлган бино ва инфратузилмаларга етказилди – 18,7 миллиард доллар. Саноат вазирлиги эса 930 миллион доллардан ортиқ чиқим ҳақида хабар берган.

Мактубга кўра, ҳарбий ҳаракатлар тахминан 8,3 минг давлат хизматчисининг ўлимига олиб келган, яна 12,5 минг инсон жароҳат олган. Умумий ҳисобда 25,5 минг бино ва 1194та маданий мерос объекти қисман ёки бутунлай йўқ қилинди. Шунингдек, 31 мингдан ортиқ транспорт воситаси ўғирланди ёки уларга зарар етди.

Сурия доимий вакили ўринбосарининг маълум қилишича, ҳукуматга можаро вақтида хусусий мол-мулкка етказилган зарар бўйича товон пули тўланиши талаб қилинган 199 минг ариза келиб тушди. Унинг сўзларига кўра, 87 минг мурожаат кўриб чиқилиб, улардан 51 мингтаси қаноатлантирилди. Товон пулларининг умумий миқдори 73 миллион долларни ташкил қилди. Энг кўп маблағ – Хама вилоятида тўлаб берилган – 31 миллион доллар.