Таиландда кучли сув тошқинлари оқибатида 80 киши ҳалок бўлди

Жаҳон 21 Январь 2017 2668
фото: EPA

Таиланд жанубида кузатилаётган кучли сув тошқинлари оқибатида қурбон бўлганлар сони 80 кишига етди, яна 4 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Бу ҳақда фавқулодда ҳолатлар оқибатини бартараф этиш департаменти шанба куни хабар берди.

Кучли сув тошқинларига минтақада январь бошидан бери кузатилаётган кучли ёмғирлар сабаб бўлган. Синоптиклар етти вилоят ҳудудида дам олиш кунлари яна ёмғир ёғишини тахмин қилмоқда. Сиам бўғозида катта тўлқинлар кутилмоқда, кичик кемалар эгаларига соҳилда қолиш тавсия қилинди.

Қутқарувчилар маълумотига кўра, Жанубий Таиландда кучли ёмғирлар оқибатида юз минглаб уй хўжаликлари сув остида қолган. У ерда 1,7 миллион киши истиқомат қилади. Хорижлик фуқаролар орасида жабрланганлар борасида хабар берилмади.

Сув тошқинлари катта иқтисодий зарар етказди. Кўплаб ҳудудлардаги гуруч майдонлари, шунингдек юзлаб фабрика ва заводлар сув остида қолган. Табиий офат оқибатида етказилган молиявий зарар миқдори 2,8 миллард АҚШ доллари атрофида баҳоланмоқда.

Таиланд жанубига кучли ёмғирларни циклон (атмосфера гирдоби) олиб келган. Бош вазир Прают Чан-Оча мамлакатда кузатилаётган ноқулай об-ҳавони “сўнгги 30 йил давомидаги энг ёмони” деб атади. Аксарият курортларга сув тошқинларидан зарар етмаган.

Кўпроқ янгиликлар