2017-йилнинг 21-январь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. 

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов олиб борган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016-йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017-йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида белгиланган топшириқлар нуқтайи назаридан ТИВ марказий аппарати ва хориждаги муассасалар фаолияти ҳар томонлама таҳлил қилинди. 

Учрашувда вазирлик аппарати, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги элчихоналари, халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхоналари, консуллик муассасалари ишига танқидий баҳо берилди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва хорижий мамлакатлар билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар (қўмиталар ва кенгашлар) фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўгрисида”ги қарорини ижро этиш чоралари белгиланди. 

Мажлис ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев иштирок этди.