АҚШ президенти Дональд Трамп соғлиқни сақлаш соҳасидаги фармонга имзо чекди. У муассасаларга олти йил аввал киритилган ислоҳотни бекор қилиш жараёнида “тартибга солишни камайтириш” вазифасини юклайди, деб хабар берди Рейтер агентлиги.

Шунингдек, Оқ уй яқин вақт ичида вазирликларга иқтисодиётни тартибга солиш бўйича янги қоидаларни киритишни музлатиб қўйиш мақсадида меморандум жўнатади. Бу Трампнинг сайловолди ваъдаларида айтилганди.

Трамп ва унинг Республикачилар партияси аввалги президент Барак Обама томонидан амалга оширилган ислоҳотни тезкорлик билан бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу масала ҳар икки партия учун ҳаддан ташқари сиёсий тусга эга бўлди.

2010 йилги соғлиқни сақлаш ислоҳоти “Обаманинг даволаши” (Obamacare) норасмий номини олган бўлиб, кам таъминланганларга тиббий суғурта бўйича субсидияларни кўзда тутади. Шу билан бир вақтда, барча америкаликларга бундай суғуртани сотиб олиш мажбурияти юклатилди. АҚШ соғлиқни сақлаш тизими дунёдаги энг қиммат тизим саналади. Obamacare эса жамиятда турли можароларни келтириб чиқарди. Сўровларга кўра, америкаликларнинг деярли ярми ислоҳотни бекор қилиш тарафдори бўлиб чиқди. Бироқ, шунга қарамай, тахминан 20 миллион киши бу ислоҳот туфайли биринчи марта суғуртага эга бўлди.

Қонун 2010 йилда фақатгина демократлар овози билан қабул қилинган бўлиб, улар ўша пайт конгрессни назорат қилишган. Шундан сўнг вакиллар палатасида, кейинчалик сенатда ҳам кўпчилик ўринга эга бўлган республикачилар қонунни бекор қилиш учун ўнлаб маротаба овоз беришди, бироқ президент ветосини четлаб ўта олишмади. Олий суд ислоҳотнинг бир қатор жиҳатларини қўллаб-қувватлади. Республикачилар айни пайтда демократлар йўлидан кетмоқда ва мухолифат билан келишмай туриб ўзгартиришларни киритишни режалаштирмоқда.