Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, мавжуд ижтимоий иқтисодий вазият билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон республикасига ташриф буюргани ҳақида аввал хабар қилинган эди. Кун.Уз мухбирининг Нукусдан хабар қилишича, Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақаларини 2017-2021 йилларда ривожлантиришга доир янги давлат дастури қабул қилинади. 

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон маъмурий маркази Нукус шаҳрида ободонлаштириш ишлари жадаллаштирилади. Хусусан, жаҳон андозалари асосида замонавий тиббиёт маркази ташкил қилинади. Уни Мустақиллик байрамига фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.  

Шунингдек, Нукуснинг йирик кўчаларидан бири Ерназар Олакўз кўчасида тўлиқ бунёдкорлик ва қайта қурилиш ишлари ўтказилади. Ижодкорлар боғида, темир йўл вокзали кошидаги хиёбонда Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Юсупов бюсти ўрнатилади

Қорақалпоғистоннинг шимолий ва чекка ҳудудларидаги мактабларни иситиш тизимини яхшилаш, йўлларни таъмирлаш, сув билан таъминлаш вазифалари мукаммал адо этиш вазифаси шахсан Бош вазир ўринбосари А.Раматов зиммасига юкланди.