Ўзбекистонда ўз ҳамюртларини қулликка сотган жиноятчи 5 йилга қамалди

Ўзбекистон 21 Январь 2017 14167

Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи Анорқул Қоратоев жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. У одам савдоси билан шуғулланган. Бу ҳақда Podrobno.uz Спутникка асосан хабар берди.

Қоратоев ўзбекистонлик фуқароларни Россияга ноқонуний равишда олиб кириш йўлини Пенза шаҳрилик ишбилармонлар билан учрашгач, ўйлаб топган.

"Анорқул Қоратоев Россия фуқароси Магомед Эфендиев билан тил бириктиради. У Ўзбекистон фуқароларини қурилиш объектларидаги ишларга жойлаштириш мажбуриятини олади", - деган суд вакили.

Шундан сўнг Қоратоев Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида истиқомат қилувчи фуқароларни ёллашга киришади. Уларга яхши иш шароитлари ва катта маош ваъда қилинади. 

Бу таклифга Жиззах, Гулистон, Самарқанд вилоятининг Жомбой ва Булунғур туманилик бўлган 15 фуқаро рози бўлади. Ўзбекистонликлар Россияга етиб келишгач, улардан паспортлари олиб қўйилиб, Пенза ва Мокшан шаҳарларига ишга жўнатилади.

"Магомед Эфендиев нафақат ўзбекистонликларга ҳақ тўламаган, балки уларга таҳдид қилган. Уларга худди қуллардек муносабатда бўлишган. Бу жойдан қочишга муваффақ бўлган баъзи бир фуқаролар Ўзбекистонга қайтиб келиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза билан мурожаат қилишди. Шундан сўнг Ўзбекистон МХХ ходимлари Анорқул Қоратоевни қўлга олди", - дея аниқлик киритган суд вакили.

Суд қарори билан А.Қоратоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135 моддаси (“Одам савдоси”) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва беш йилга озодликдан маҳрум этилди. У жазо муддатини кучайтирилган тартибдаги колонияда ўтайди.

Кўпроқ янгиликлар