Англия премьер-лигасининг 22-туридан ўрин олган марказий учрашувда «Манчестер Сити» «Тоттенҳэм»ни ўз уйида қабул қилди.

Учрашув ўз номини оқлади. Қизиқарли курашларга бой бўлган ўйинда устунлик «Манчестер Сити» томонида бўлди. Бироқ дастлабки гол фақатгина иккинчи бўлимда Уго Льориснинг хатосидан кейин киритилди. Иккинчи голда ҳам Льорис жуда қўпол хатосидан кейин Кевин де Брюйне томонидан дарвоза йўлланди. 

Аммо манчестерликлар 2:0 ҳисобида олдинда боришларига қарамай ғалабани ушлаб қола олишмади. Аввалига Деле Алли ўртадаги фарқни қисқартирган бўлса, Сонг Хёнг Мин мувозанатни тиклади. Сонг гол киритган вазиятдан бироз олдинроқ, «Сити» ҳисобни 3:1 га етказиб олиши мумкин эди. Дарвозабон билан яккама-якка чиқиб бораётган Раҳим Стерлинг зарба бериш жараёнида Кайл Уокер томонидан туртиб юборилди. Бироқ Стерлинг тўлиқ йиқилмаганини кўрган ҳакамлар пенальти белгилашмади ва айнан шу ҳужумнинг давомида «Тоттенҳэм» иккинчи голни киритди.

Иккинчи бўлимда «Манчестер Сити» таркибида дебют қилган Габриэл Жезус терма жамоада бўлгани каби янги клубида ҳам гол киритиши мумкин эди. Бироқ Де Брюйне томонидан етказиб берилган пасни дарвозага йўллаган 19 яшар бразилиялик футболчи офсайдда қолиб кетганди.

Ушбу дурангдан кейин «Тоттенҳэм» ҳисобидаги очколар сони 46тага етди ва жамоа турнир жадвалининг 2-ўрнида бормоқда. «Манчестер Сити» эса 43 очко билан 5-поғонада қоладиган бўлди.

АПЛ, 22-тур

Манчестер Сити – Тоттенҳэм 2:2 (0:0)
Голлар:
Сане (49), де Брюйне (54) –  Алли (58), Сонг Хёнг Мин (77).
Манчестер Сити: Браво, Отаменди, Клиши (Стоунз, 84), Сабалета, Коларов, Сильва (Делф, 90), Туре, де Брюйне, Стерлинг (Габриэл Жезус, 82), Сане, Агуэро.
Тоттенҳэм: Льорис, Виммер (Сон Хын Мин, 46), Роуз, Уокер, Алдервейрелд (Уинкс, 65), Дембеле (Сиссоко, 78), Дайер, Эриксен, Ваньяма, Алли, Кейн.
Огоҳлантиришлар: Виммер (12), Дайер (13), Коларов (45), Алли (51), Отаменди (52), Ваньяма (87).