Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Шарқий Африка давлатларига ташрифи олдидан матбуот-анжумани ўтказди. Эрдўған Танзания, Мозамбик ва Мадагаскарда бўлади.

"Биз Африка давлатлари ҳукуматлари, жумладан Танзания ва Мозамбик етакчилари билан Африка қитъасида Фатҳулла Гулен террорчи оқимининг шерикларига қарши курашишни муҳокама қиламиз", деб айтди Эрдўған.   

Эрдўған АҚШнинг маъмурияти ўзгарганига ҳам эътибор қаратди. Унинг айтишича, АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп Туркия ҳозирда синчковлик билан ўрганаётган бир нечта баёнотлар қилган. "Туркияни Яқин Шарқдаги вазият, хусусан, Трамп маъмуриятининг бу минтақа бўйича позицияси қизиқтиради. Бугунги кунда Яқин Шарқ олов ичида. Туркия раҳбариятига бу минтақа бўйича баъзи гаплар етиб келмоқда ва бу Анқарани ташвишлантиради. Буларнинг барчаси муҳокама қилинишни талаб қилади", деб айтди Эрдўған.  

Эрдўғаннинг айтишича, Туркия ҳар бир давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилинадиган Яқин Шарқ тарафдори.

"Анқара минтақанинг бўлинишига қарши. Бу нотўғридир ва биринчи навбатда минтақа халқларига ҳурматсизликдир. Туркия минтақа харитасини ўзгартиришга уринишларни қўллаб-қувватламайди", деб таъкидлаб ўтди Туркия президенти.

Эрдўғаннинг айтишича, Туркия Яқин Шарқнинг энг кучли  давлати ва у бу ердаги жараёнларнинг боришига таъсир кўрсатади. 

"Яқин Шарққа алоқаси бўлмаган бирор бир кимса минтақанинг ўзига хослиги ва адолат омилини ҳисобга олмайдиган қарор қабул қилса, бу бутун дунё ва инсоният учун салбий оқибатларга олиб келади", деб таъкидламоқда Эрдўған.