Марказий Италияда қор кўчкиси меҳмонхонани босиб қолганидан 4 кун ўтиб тирик қолганларни топишга ҳали умид билдирилмоқда, деб айтди Италиянинг Фуқаролик мудофааси хизмати раҳбари Фабрицио Курчо.

Кучли зилзилалар сабабли юзага келиши мумкин бўлган қор кўчкиси Гран-Сассо тоғ массивидаги меҳмонхонани босиб қолган.

"Бундай оғир шароитларда ишлаётганлар яна тирик одамларни топишга ҳаракат қилмоқдалар, шунинг учун умид ҳамиша бор", деб айтди Кручо Rai3 телеканали эфирида. 

Фожиа юз берган Пескара вилояти раҳбарияти бедарак йўқолганлар орасида яна бир киши пайдо бўлганини маълум қилган. Тирик қолганлардан бири вайроналар остида сенегаллик эркак борлигини айтган.

Аввалроқ маҳаллий ОАВ 8 киши, сўнгра яна беш киши қутқариб қолинганини маълум қилганди. Бу орада қутқарув хизмати меҳмонхонани босиб қолган қор массасини ўлчаб чиқди. Тахмин қилинишича, бинони 120 минг куб метр қор босиб қолган. Бинога ёпирилган қор тезлиги 100 км/соат бўлган.