Украина президенти Пётр Порошенко Киевнинг Донбассдан воз кечишига доир айрим сиёсатчилар билдирган ғояни жиддий равишда танқид қилди, деб хабар қилмоқда «Интерфакс-Украина». Давлат раҳбари Украина бирдамлиги куни муносабати билан Киевда бўлиб ўтган тантанада шу ҳақда сўз юритган.

«Бу ҳақда Бирдамлик кунида гапириш қанчалик ачинарли бўлмасин, бироқ, бизда шундай сиёсий кучлар борки, улар Донбассдан воз кечиш ғоясини бизга яширинча таклиф қилмоқда», — деган Украина раҳбари. 

Порошенко бундай сиёсатчиларга: «Жаноблар, сиз нима, бу ҳудудларни йиғиб чиққан эдингизми, тарқатишни хоҳлайсиз?», деган савол бериш ниятида эканини таъкидлаган.

Украина раҳбарига кўра, бу сиёсий кучлар «босиб олинган ҳудудлардаги аҳоли билан, гўёки улар, аллақачон, Украина фуқаролари эмасдек муомала қилишга ундайди».

«Бундай стратегия юз фоиз тинчликка олиб келмайди. Россиянинг мақсади — Донецк ёки Луганск эмас, Россиянинг мақсади — фақатгина Қрим ёки Севастополь ҳам эмас, балки бутун Украинадир», — дея қўшимча қилган Порошенко.