Берлинда 82-озиқ-овқат саноати, боғдорчилик, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги Халқаро савдо кўргазмаси - IGW Berlin Яшил ҳафталик 2017 бўлиб ўтмоқда. Кўргазмада дунёнинг 60 давлатидан бўлган 1 800 дан зиёд компания иштирок этмоқда, тахминан 380 минг киши  ташриф буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзагроэкспорт» Kun.uz’га хабар берди.

Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси ишбилармонлари манфаатларини ўзида ифода этган миллий стенд ҳам тақдим этилган.

Кўргазманинг биринчи кунида бир қатор хорижий компаниялар, жумладан Same Deutz-Fahr (Германия), Euro Asia (Германия), Abgeordnetenhaus (Германия), GlobusMax (Польша), Better International Trade (Буюк Британия), Urumqi Tongyale International Trade (Хитой), Go Nuts & Fruits F.Z.E (БАА), Florry Business LP (Буюк Британия) вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Юқорида номлари келтирилган компания вакиллари Ўзбекистондан янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини харид қилишга қизиқиш билдиришди.

Ўтказилган музокаралар якунига кўра қиймати 10,170 миллион АҚШ доллари бўлган янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотини етказиб бериш бўйича экспорт шартномалари имзоланди.

«Яшил ҳафталик-2017» Халқаро кўргазмаси 29 январга қадар давом этади.