23 январь, душанба куни Тошкент шаҳрида давлат органлари вакиллари, журналистлар ва жамоатчилик ташкилотлари иштирокида "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг беш йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда бир қатор элчихоналар вакиллари ҳам қатнашишди.

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Ҳусайн Али Салимиан ҳам ушбу тадбирга ташриф буюриб, бу борадаги фикри билан ўртоқлашди. 

"Мен бу ерда эканлигимдан хурсандман, зеро кўрсатилган ташаббус кейинги 5 кун ичида Президент томонидан белгиланган стратегик ривожланишнинг 5 асосий йўналиши муҳокамасини кўзда тутади. Кун тартибига киритилган дастур, менинг кузатувларим бўйича, тўғри ишламоқда. Ҳар бир иштирокчи очиқ мулоқот учун мўлжалланган мавзуларни муҳокама қилиш ҳуқуқига эга. Мен турли давлат тузилмалари томонидан билдирилаётган мулоҳазаларни шахсан кузатмоқдаман. Масалан, иқтисодий сектор, ташқи сиёсат ва ҳаттоки ҳуқуқшунослик  нуқтаи назаридан шундай хулосага келмоқдаманки, бу стратегиялар жамиятда, шунингдек хорижий мамлакатлар билан халқаро муносабатларда стандартларнинг яхшиланишига хизмат қилмоқда. Хусусан, вазирнинг биринчи ўринбосари Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон каби қўшни мамлакатлар билан муносабатлар устувор йўналиш эканлигини таъкидлади. Шундай экан, мен ўзим шахсан бунинг жуда яхши ташаббус эканлигига ишонч ҳосил қилдим.Умид қиламизки, ушбу ташаббус Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг ривожланишига ҳамда унинг бошқа мамлакатлар билан муносабатларига  ижобий таъсир қилади".