2017 йилнинг 23 январь куни Тошкент шаҳрида GM Uzbekistan, UZINFOCOM, Инха Университети, Тошкент Ахборот Технологиялари Университети ва Турин политехника университети орасида автомобилларни сотиш ва сотувдан кейин хизмат кўрсатиш жараёнида ахборот ва коммуникация хизматларидан кенг фойдаланиш  ҳақида меморандум имзоланди. Бу ҳақда компания расмий сайтида хабар берилган.

Маълумотларга кўра, бундай ҳамкорлик компания таклиф қилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва мавжуд бўлган муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Хусусан, бўлажак лойиҳада харидорлар яқин масофада жойлашган автомобил дилерларини топиш ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришлари мумкин. Шунингдек лойиҳада кейинчалик автомобилларни онлайн тарзда сотиш ҳам кўзда тутилган.

Лойиҳанинг яна бир жиҳати - ўзбекистонлик автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва аҳоли орасида алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Ушбу лойиҳа аҳолига GM Uzbekistan томонидан амалга тадбиқ қилинаётган янгилик ва ўзгаришлар ҳақида хабар қилиб боради.

Ушбу ишларни амалга ошириш учун юқорида айтиб ўтилган олий таълим муассасалар талабалари малака оширишга таклиф қилинади. Амалиёт якунида энг муносиб талабалар GM Uzbekistan компаниясига ишга таклиф қилинади.