Қирғизистон ҳукумати томонидан ёрдам учун махсус очилган ҳисоб рақамига 280 минг доллардан ортиқ маблағ келиб тушди. Улар орқали Туркияга тегишли Boeing 747 юк самолётининг Бишкек яқинида фалокатга учрашида жабрланганларга ёрдам берилади, деб хабар берди Sputnik республика фавқулодда вазиятлар вазирлигига асосан.  

Туркия компанияларидан бирига тегишли Boeing 747-400 самолёти Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортининг учиш-қўниш қисмидан 1,5 км узоқликда фалокатга учраган. Самолёт аэропорт яқинидаги қишлоқ устига тушди. Бунинг оқибатида 32та уй вайрон бўлди, 4 экипаж аъзоси ҳамда 32 нафар маҳаллий аҳоли вакили ҳалок бўлди. Аввалроқ яна бир киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар бергандик.

Қирғизистон бош вазири қарорига кўра, мамлакат ФВВ жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун тақдим этилаётган маблағларни тўплаш учун махсус ҳисоб рақамини очган.

"23 январь 13.00 ҳолатига кўра Қирғизистон республикаси ФВВнинг махсус ҳисоб рақамига 20 миллион 138 минг 400 сом (тахминан 287 минг доллар) келиб тушди", - дейилади хабарда.

Маҳкаманинг хабар беришича, ҳисоб рақамига исталган валютада пул ўтказиш мумкин. Шунингдек, ёрдам ҳисоб рақамига Қирғизистон вазирлик ва идоралари, ҳукумат аппарти ва мамлакат депутатлари корпуси ўзининг бир кунлик иш ҳақларини ўтказмоқда.

Бишкек ҳокимияти маълумотларига кўра, Қирғизистон пойтахтида фожиа рўй бергач, жабрланганларга ёрдам бериш бўйича кенг кўламли ҳаракатлар бошланиб кетди. Шаҳар аҳолиси икки кун давомида деярли 9 тонна кийим-кечак ва оёқ кийими, гигиена воситалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини йиғиб берди. 18 январь куни гуманитар ёрдамни йиғиш расман тугатилди.