Қирғизистон пойтахти Бишкек яқинида Boeing 747 юк самолёти ҳалокати оқибатида қурбон бўлганлар сони 39 кишига етди. Бу ҳақда Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ТАССга хабар берган.

"Республика травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот марказида 29 ёшли Сагинбек Раҳмонов ҳаётдан кўз юмди. У самолёт қулаган жойдан даволаш муассасасига олиб келинганди",  - деб таъкидлаб ўтишган вазирликда. Маълумотларга кўра, ёш йигитнинг ўлимига кўплаб куйиш жароҳатлари сабаб бўлган. "Бизнинг ходимлар қўлларидан келган барча ишни амалга оширишди, бироқ беморни сақлаб қолишнинг имкони бўлмади", - деб таъкидлаб ўтишди соғлиқни сақлаш вазирлигида.

"Айни дамда Бишкек касалхоналари ва клиникаларида самолёт қулашида жароҳат олган тахминан 10 киши қолмоқда", - дея аниқлик киритишди вазирликда.

Туркия компанияларидан бирига тегишли Boeing 747-400 самолёти Бишкекдаги “Манас” халқаро аэропортининг учиш-қўниш қисмидан 1,5 км узоқликда фалокатга учраган. Самолёт аэропорт яқинидаги қишлоқ устига тушди. Бунинг оқибатида 32та уй вайрон бўлди. Лайнер Ҳонгконг-Бишкек-Истанбул рейси бўйича парвозни амалга ошираётган бўлган.