ЎзМТРКнинг “Тошкент” телеканали ижодкорлари “Кitobxon” интеллектуал шоусини эфирга узата бошлашди.

Мазкур кўрсатув ўзига хос бўлиб, китоб тарғиботини қамраб олгани билан таҳсинга сазовордир. Томошабинларни зериктирмаслик мақсадида икки қувноқ бошловчи шоу иштирокчиларини икки жамоага ажратади ва қизиқарли шартлар эълон қилинади. Шу орқали уларни топқирлик, ҳозиржавоблик билан китоблар ёки улардаги қаҳрамонлар номини айтишга ундайди.

Бошқа шоулардан фарқли ўлароқ, “Кitobxon” санъат аҳли қаторида турли ижодкорлар ва шоирларни ҳам эфирга чиқаргани билан аҳамият касб этади. Актёрлар турли монологлар ўқиган бўлсалар, шоирлар янги ёзган шеъридан ўқиб берадилар. Шоу ниҳоясида иштирокчиларга китоб туҳфа қилиш янада жозиба бахш этди.

“Кitobxon” ижтимоий тармоқларда қизғин кутиб олинди. Мазкур шоунинг оила даврасида қизиқиб кўриш мумкин бўлган мароқли кўрсатув эканлиги айтилмоқда. Унинг бошқа шоулардан афзаллиги ҳам эътироф этиляпти. Жумладан, қаламкаш Нодирабегим Иброҳимова “Кitobxon”нинг “Имкон-шоу”дан кўра маънилироқ” эканлигини таъкидлаган.