2017 йил 19-20 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Давлат раҳбари мазкур сафари  доирасида республика халқ вакиллари ва фаоллари билан учрашди. Унда қатор долзарб масалалар ва муаммолар муҳокама қилинди, ошкора фикр алмашилди. 

Мажлис чоғида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплекс раҳбарларининг ушбу минтақа бўйича ахбороти тингланди, уларга зарур топшириқлар берилди.

Жумладан, мажлисда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов 2017-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича тасдиқланган давлат дастури ва унинг ижроси ҳақида сўз юритди.

“Жумладан, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш масаласи бўйича жами 322,2 млрд сўмни ташкил этган тўртта лойиҳани амалга оширилади. 2000та оила, шу жумладан, 1500та кам таъминланган, ёш ва кўп фарзандли оилани қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича қурилган уй жойлар билан ва кам таъминланган, ёш ва кўп фарзандли 540та оилани кўп хонали уйларда уй-жойлар билан таъминлаш ишлари бажарилади”, деди Раматов.

У сўзини давом эттирар экан, шундай деди: “Иккинчидан, транспорт муҳандислик ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, 3 трлн, 398,7 миллион сўмлик еттита лойиҳани амалга ошириш натижасида логистика хизматини ривожлантириш учун қўшимча шароитлар яратилади. Қўнғирот туманида халқаро логистика маркази барпо этилади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида шаҳар ва туманларда 600 км.дан ортиқ кўча ва автомобиль йўллари таъмирланади, транспорт инфратузилмаси кенгайтирилади, аҳоли электр энергияси билан таъминланади”