Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф тартибда намуна эканликлари ҳаётий мисолларда

Жамият 23 Январь 2017 20307
Фото: Muslimaat.uz

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

2015 йилнинг январь ойи, 1436 ҳижрий йилнинг рабиъул аввал ойи эди. Шу ой муносабати билан рабиъул аввал ойининг йигирма еттинчи куни, 2015 йил 18 январь куни эрталаб соат роппа-роса 9:30 да устозимиз шайх ҳазратлари бошчиликларида islom.uz порталининг мажлислар залида мавлиди шариф тадбири ўтказиладиган бўлди. Ҳазратнинг котиби Фозилжон мени ҳам устознинг номларидан мазкур тадбирга таклиф қилди. Мен бундай тадбир ўтказилаётганидан, унга таклиф қилинганимдан жуда хурсанд бўлиб кетдим, ўша кунни интизорлик билан кутдим. Ниҳоят, рабиъул аввал ойининг йигирма еттинчи санаси эрталаб соат 9:15 га тадбирга етиб бордим.

Уловимдан энди тушганимда устозимиз шайх ҳазратлари бинога кириб кетаётган эканлар. Зинадан кўтарилиб, мажлислар залига кириб борганимда ҳазрат ўз жойларига энди ўтирган эдилар. Мени ҳам ёнларидаги ўриндиққа таклиф қилдилар. Устознинг таклифларига эътироз билдирмай, кўрсатган жойларига ўтирдим. Атрофдаги иштирокчилар ҳам секин-аста жойларига ўтира бошладилар. Бир оз вақт ўтгандан кейин устоз ўнг тарафларида ўтирган ўғиллари Исмоилжонга қараб, «Соат неча бўлди?» дедилар. Исмоилжон «9 дан 24 дақиқа ўтди», деди. Шунда ҳазрат «Ҳа, майли. Озгина вақт бор экан. Кимлар келмади?» деб сўрадилар. Фалончи-фалончиларнинг келмагани айтилди. Яна бир оз гаплашиб ўтирганимиздан кейин Исмоилжонга қараб, «Энди соат неча бўлди?» дедилар. У «9:29», деди. Ҳазрат «Майли, бир дақиқадан кейин бошлайсан», дедилар. Соат роппа-роса 9:30 бўлганда Исмоилжон мажлисни бошлади.

Устозимиз шайх ҳазратларининг ўта тартибли инсон эканларини ҳаммамиз яхши биламиз. Шахсан ўзим ҳам доимо шу нарсанинг гувоҳи бўлганман. У зотда бирор марта ҳам лоқайдлик, бепарволик ёки беписандлик кўрмаганман. У киши нафақат ўзларининг, балки бошқаларнинг вақти ҳам беҳудага совурилишини истамас эдилар. Шунинг учун ҳам вақтнинг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билар, уни бебаҳо ҳисоблар эдилар. Мазкур тушунчага қаттиқ риоя қилганлари учун бошқаларни ҳам ана шундай тартибли, ваъданинг устидан чиқадиган, бирор нарсани бир вақтга белгиласа, белгиланган вақтидан кечиктирмасдан, албатта, бажарадиган бўлишини яхши кўрар эдилар. Бир сафар шу ҳақда қизиқарли бир воқеани ҳам айтиб берган эдилар.

«Германияга борганимизда хизмат юзасидан поездга чиқишимизга тўғри келди. Гуруҳимиз билан бирга вокзалга келдик. Бир оз турганимиздан кейин карнайда нимадир эълон қилинди. Немис тилида бўлгани учун аниқ тушунмадим. Лекин билдимки, эълон биз чиқишимиз керак бўлган поезд ҳақида эди. Шунинг учун ёнимдаги таржимондан «Нимани эълон қилишди?» деб сўрадим. Таржимон: «Поезд бир дақиқа кечга қолар экан. Шунинг учун узр сўрашяпти», деди. Шунда мен немисларнинг нима учун бу қадар ривожланиб, ҳаммага ўрнак бўладиган даражага кўтарилганларини яна бир бор тушундим».

Устозимиз кўпинча «Ҳеч бўлмаса ана шу немислардан ўрнак олайлик! Мана, улар тартиб ва тежамкорликка риоя қилиб, қандай даражаларга кўтарилишди. Баъзи бировларга ўхшаб нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг ҳам умри, вақти зое бўлишига сабабчи бўлмаслик керак», деб кўп такрорлар эдилар.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

Кун янгиликлари
Ўзбекистон делегацияси Бишкекда, хорижга чиқиш паспорти дараги, лотин ва кирилл машмашаси ҳамда куннинг бошқа хабарлари
20:40 / 16.08.2017 14585 Жаҳон
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 68274 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 37136 Lifestyle
"Реал" Испания Суперкубоги соҳиби!
04:08 1022 Спорт
Қирғизистонлик собиқ депутат Омурбек Текебаевга 8 йиллик қамоқ жазоси берилди
01:27 1128 Жаҳон
Саакашвили Украинага қачон қайтишини маълум қилди 
01:15 1699 Жаҳон
Абдулла Арипов: «Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлигига халақит берувчи тўсиқлар бартараф этилади»
Роналду 5 ўйинга дисквалификация қилингани ҳақида: бунинг отини атайлаб қийнаш дейилади!
01:07 1707 Спорт
Давлат ва ОАВ: ахборот майдонида ҳаммага тенг шароит яратилиши керак
Шерзод Шерматов: "Келгуси йилда тест жавоблари ўша куниёқ эълон қилиниши мумкин"
Кўпроқ янгиликлар