Жанубий Кореянинг Samsung концерни Вьетнамдаги ўзининг электрон қисмларни ишлаб чиқариш соҳасини кенгайтиришга 2,5 миллиард АҚШ доллари инвестиция киритади. Гап смартфонларга мўлжалланган сенсорли суёқ кристалли экранларни ишлаб чиқариш ҳақида кетмоқда. Улар Вьетнам шимолида жойлашган Samsung корхоналарида ишлаб чиқарилади. Бу ҳақда Dau tu газетаси хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, Жанубий Корея компанияси раҳбари ва Вьетнам ҳукумати ўртасида музокараларни якунлаш ҳамда расмий инвестицион келишувни имзолаш жараёни 2017 йил биринчи чорагининг охирида якунланиши кутилмоқда.

Вьетнам Социалистик Республикаси давлат статистика бошқармаси маълумотига кўра, Samsung Vietnam компаниясининг 2016 йилдаги сотувлари мамлакатга экспортдан тушумларининг 22,7 фоизини тақдим этди. Вьетнам заводларида ишлаб чиқарилган Samsung маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб бериш қиймати ўтган йилда 39,9 миллиард долларни ташкил этди. Бу эса 2015 йил билан таққослаганда 9,9 фоизга кўпроқ.
Маълумот учун, Samsung Vietnam мобил телефонлар, смартфонлар, планшетлар, суюқ кристалли телевизор ва мониторлар ишлаб чиқаради. Компания мамлакатдаги 110 минг кишини иш билан таъминлайди.