Тожик-қирғиз чегарасида чиққан жанжал "босди-босди" қилинди

Жаҳон 23 Январь 2017 36562

Тожик-қирғиз чегарасида икки давлат фуқаролари ўртасида можаро чиқиши оқибатида Қирғизистоннинг Кўк-Тош қишлоғидаги уч киши уйининг ойнаси синдирилди. Бу ҳақда Turmush нашри мухбири хабар бермоқда.

Аввалроқ Қирғизистон чегара хизматида маълум қилинганидек, 22 январда Баткен вилоятининг Кўк-Тош қишлоғида икки давлатнинг чегара олдида яшовчи ёшлари ўртасида низо чиққан. Икки давлат фуқаролари ўртасидаги даҳанаки жанг ўзаро тош улоқтиришга айланиб кетган.

Дастлабки маълумотларга кўра, низо оқибатида икки давлат фуқароларининг бир уйи ва 4 автомашинасига шикаст етган.

"Шу куннинг ўзида низо бостирилган. Айни вақтда чегара ҳудудидаги вазиятни икки давлат маҳаллий ҳокимият идоралари вакиллари, милиция ходимлари назорат қилмоқдалар. Шу куннинг ўзида Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизмати вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди, унга кўра ишчи тартибда хизматни олиб бориш, чегарадаги вазиятни тинчлик йўли билан тартибга солиш учун барча чораларни кўриш, воқеа сабабларини тергов қилишга келишиб олинди. Томонлар чегараолди ҳудудлари аҳолиси билан тушунтириш ишларини фаоллаштиришга қарор қилишди", дейилган хабарда.

Кўпроқ янгиликлар