АҚШ президенти Дональд Трамп унинг маъмурияти мамлакатда бизнесни тартибга солишни 75 фоизга ёки ундан ҳам кўпроққа камайтирмоқчилигини айтди.

"Фикримизча, биз тартибга солишни 75 фоизга, балки ундан кўпроққа камайтирамиз", деб айтди Трамп Оқ уйда тадбиркорлар билан учрашувда.

Шу билан бирга у ҳукумат бундай тартибга солишда экология ва ишчилар хавфсизлиги масалаларига эътибор қаратишини айтди.

Трамп сайлангунча АҚШда тадбиркорлар фаолиятини тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига халақит қилишини бир неча маротаба айтган.

Бундан ташқари, Трамп АҚШда ишлаб чиқаришни ривожлантириш режаларини биринчи навбатда солиқ чоралари йўли билан амалга оширишини тасдиқлади. 

Трампнинг айтишича, АҚШда сотиш учун хорижда маҳсулот ишлаб чиқарувчи АҚШ компаниялари "чегарада катта солиқ тўлашади". Унинг таъкидлашича, шундай чораларни "савдо қилиш қийин бўлган" бошқа давлатлар, жумладан Хитой қабул қилади. Шунинг учун, Трампнинг фикрича, дунёда "эркин ва адолатли савдо" ҳақида гапириш ноўриндир.