Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида бир гуруҳ академик, илм-фан намоёндалари билан давра суҳбати ўтказилди. Бу ҳақда ЎзМУ Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Унда 20 дан ортиқ академик, университет деканлари, масъул ходимлари иштирок этдилар. 

– Давлатимиз раҳбари ўтган 25 йил мобайнида мамлакатимиз илм-фани салмоқли ютуқларга эришгани, кўплаб илмий кашфиёт ва ихтиролар қилингани, аммо замон барча соҳалар қатори илм-фанни ҳам янги босқичга кўтаришни талаб қилаётганини алоҳида таъкидлади,– деди ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов.– Бу залворли ишни биз ўз кучимиз билан қилишимиз лозимлигини яхши тушунамиз. Университетимиз фаолиятини ривожлантиришда сиз азиз устозлар билан ҳамкорликни изчил йўлга қўйишни режалаштирдик. Яна бир масала, келгуси йили университетимиз ташкил топганининг 100 йиллигини нишонлаш борасида ҳам қимматли маслаҳатларингиз ва амалий ёрдамларингиз зарур. 

Ўз навбатида, академиклар юқорида ўртага ташланган масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

Миллий университетда қатор йиллардан буён фаолият кўрсатишаётган таниқли академиклар Азимбой Саъдуллаев, Маҳмуд Салоҳитдинов ва бошқалар илм-фан тараққиётида фундаментал тадқиқотлар муҳим аҳамият касб этиши, улар орқали янги билимлар ўзлаштирилиши ва назариялар шакллантирилиши, келгуси амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион ишланмалар учун мустаҳкам асос яратилиши, ЎзМУда улкан имкониятлар мавжудлиги ҳамда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар ҳақида атрофлича сўз юритдилар. 

Давра суҳбатида келгусида ЎзМУ фаолиятини янада ривожлантириш борасида таклиф этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишга келишиб олинди.