АҚШ янги президенти Дональд Трампнинг расмий Токио ҳақидаги танқидий фикрлари етарлича асосга эга эмас, деб маълум қилди Япония иқтисодиёт вазири Хиросигэ Сэко. Трамп бундай изоҳни Америка автомобилларининг Японияга экспорти туфайли билдирган.

Аввалроқ Дональд Трамп Америка компаниялари раҳбарлари билан учрашувда Япония ва Хитойни адолатсиз ташқи савдо юритишлари сабаб танқид қилганди. У “Япония АҚШга кўп автомобиллар сотади, бироқ Америка машиналарининг савдосига тўсқинлик қилмоқда, бу эса адолатсизлик”, деб таъкидлаб ўтган.

“Япония Америка автомобилларига бож киритмаган ва уларга қарши таҳқирловчи чоралар қўллагани йўқ”, - дея япониялик вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради NHK телекомпанияси.

Вазир Сэко Трамп “агарда қайсидир мамлакатларда Америка автомобилларига бож киритилган бўлса”, деган сўзлари билан ўз фикрини бошлаганига эътибор қаратди.

“Айни дамда Японияда Америка автомобилларига ҳеч қандай божлар йўқ. Умуман бу борада таҳқирловчи муносабатдан асар ҳам йўқ”, - таъкидлаб ўтди Сэко.

Шу билан бир қаторда, Трампнинг фикрлари Япония бизнес-ҳамжамиятида катта ташвишга сабаб бўлди. Япония бош вазири Синдзо Абэ яқин вақт ичида ўз маҳкамаси вазирлари билан АҚШга нисбатан ташқи савдо стратегиясини ишлаб чиқишга ваъда берди.