ИШИД жангарилари Ироқнинг Мўсул шаҳрини тарк этмоқчи бўлган тинч аҳолига ҳужум қилмоқда ва шифохоналарни ҳарбий база сифатида қўлламоқда. Бу орада оддий аҳоли халқаро коалиция авиазарбаларидан ҳалок бўлмоқда, деб айтди Женевада БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси матбуот котиби Равин Шамдасаний.

Шамдасанийнинг айтишича, халқаро коалициянинг Мўсулга берган авиазарбалари оддий аҳоли орасида қурбонларга олиб келмоқда.

"Бироқ ИШИД жангарилари тинч аҳоли уйларида, фуқаролик инфратузилмасида жойлашиб олгани ҳамда фуқароларни тирик қалқон сифатида қўллаши сабабли неча киши ярадор бўлгани ва неча киши ҳалок бўлганини тасдиқлаш қийин", деб айтди Шамдасаний.

Шамдасанийнинг айтишича, жангарилар шифохоналарни эгаллаб олиб, уларни ҳарбий базалар сифатида қўлламоқда ҳамда асосий озиқ-овқат, тиббий захира ва сувни жангариларга юбормоқда.