Буюк Британиялик Муҳаммад Али исмли мактаб ўқувчиси бозордаги таклифни таққослаб, мақбул нархлардаги маҳсулотни топа оладиган сайтни ишлаб чиқди. Йоркшир графлигидаги ўқувчига лойиҳани амалга оширишда бизнес бўйича 60 ёшли ҳамкори Крис Торп (Chris Thorpe) ёрдам беради. Ўсмирнинг сўзларига кўра, у муддатидан аввал стартапининг барча тафсилотларини ошкор қилишни хоҳламайди, бироқ, дунёда ўхшаши йўқлигига ишончи комил. 

“Лондонлик инвесторлар мен билан 2016 йил декабрида учрашишди. Улар маълумотларни қайта ишлаш соҳасида фаолият юритишгани боис, сайтни мен тузганимга ишонишмади”, - дейди weneed1 сайтининг асосчиси Муҳаммад Али. 

Бироқ, Алининг сўзларига кўра, у сайтни сотиш бўйича таклифни рад этган. Унинг айтишича, лондонликлар унга 5 миллион фунт (6 млн 200 минг доллар) таклиф қилишган. Аммо, келажакда бу сайт анча қиммат туриши сабаб, сотишдан бош тортган.

Али катта пулни рад этганда нима билан таваккал қилаётганини яхши тушунган. Бироқ, у илк имкониятдаёқ технологияни сотишни эмас, балки 2017 йил январининг охиригача, сайтнинг тўлиқ намунасини ишга туширишни режалаштирган. 

“Биз ҳақиқатдан ҳам ҳозирча рақобатчиси бўлмаган катта лойиҳани барпо қилаяпмиз. Бизнинг маҳсулот Bloomberg каби маблағни тежаш бўйича эксперт бўлади”, - дея ишонч билдиради Муҳаммад Али. 

Шу билан бирга, 2016 йили Али видеоўйинда 30 минг фунт стерлинг ишлашга эришган. Унинг сўзларига кўра, ётоқхонасида YouTube сайтида видеолавҳаларни томоша қилиб, соҳага доир адабиётларни ўқиб кодларни ёзишни ўрганган. 

Алининг таъкидлашича, бир вақтлар унинг компьютер қаршисида кўп вақтини сарфлаётганидан шикоят қилган онаси, эндиликда, у билан фахрланади.