“Болливуд қироли” сифатида машҳур бўлган ҳиндистонлик актёр Шоҳруҳ Хоннинг мухлислар билан учрашуви пайтида тиқилинч юзага келди. Бунинг оқибатида бир киши ҳалок бўлган, деб хабар берди Indian Express нашри.

Актёр душанба куни кечқурун Гужарат штатидаги Вадодара шаҳрига келган. У ўзининг “Раис” номли янги фильми экранларга чиқиши арафасидаги рекламаси билан шуғулланмоқда. Шоҳруҳ Хон поезддан чиқишни истамаган ҳамда ойнадан туриб ўз мухлисларига қўл силкитиб, уларга радиокарнай орқали мурожаат қилган. Поезд бекатда ўн дақиқа атрофида тургач, катта тиқилинч юзага келишни бошлади. Полиция резина таёқлардан фойдаланишга мажбур бўлган.

"Поезд ҳаракатланишни бошлагач, кишилар унинг ортидан югуришни бошлади. Тиқилинч туфайли бир киши ҳаво етишмаслигидан ҳалок бўлди, икки полициячи жароҳат олди", - дея маълум қилишган полицияда.

Ҳалок бўлган инсоннинг исми Фарид Хон Патхан экани аниқланди. Актёр марҳум оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.

"Мен унинг учун дуодаман", - дея маълум қилди актёр Деҳлига етиб келгач.

Маълумот учун, Шоҳруҳ Хон Боливвуднинг энг кўп ҳақ олувчи “юлдузларидан” бири саналади. У 1965-йилда туғилган бўлиб, 1990-йилларда ҳинд киносининг энг машҳур актёрларидан бирига айланди. У “Девдас”, “Севишганлар”, “Ягонам”, “Менинг исмим Хон”, “Вир ва Зара” “Ченнай экспресси” каби машҳур фильмларда бош ролни ижро этган.