Испания фуқароси Nesquik компаниясининг эрувчан шоколад ичимлиги идишида 250 грамм “кокаин” гиёҳвандлик моддасини топиб олди. Бу ҳақда Heraldo газетаси хабар берди.

Унинг маълумотига кўра, Сарагоса (Арагон мухтор ҳамжамияти)да яшовчи фуқаро какаони оддий испан супермаркетидан харид қилган. Эркак уйга келгач, унинг қадоғи очилиб ётганини кўрган. Идишни тўла очган испаниялик кокаин моддаси бўлган пакетни топди. У какао кукуни тагида яшириб қўйилган.

Сарагоса фуқароси гиёҳванд моддани дарҳол полицияга олиб бориб берди. Таъкидланишича, топилган модда қиймати қора бозорда 13 минг еврога тенг бўлиши мумкин. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини бошлашди. Полиция бу гиёҳванд моддаларни етказишнинг янги услуби бўлиши мумкин, деган шубҳада. Дўконда ўрнатилган кузатув камералари ёзувлари ўрганилмоқда.