Қирғизистоннинг Чуй вилоят суди ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровга нисбатан умрбод қамоқ жазосини ўз кучида қолдирди. У 2010 йил Қирғизистон жанубида содир бўлган этник тўқнашувларда миллатлараро зўравонликларга ундаш ҳамда милиция ходимини ўлдиришга алоқадорликда айбдор деб топилган ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилган эди. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, асли ўзбек Асқаров 2011 йили Қирғизистон Олий суди томонидан суд қилинганди. 2016 йил июль ойида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг хулосасига кўра, Асқаров "қийноқларга солинган ва одил суд имкониятига эга бўлмаган". Шундан сўнг, Қирғизистон Олий суди ўз қарорини бекор қилган ва уни қайтадан кўриб чиқиш учун юборган эди. 

Янги суд қарори ўқилганидан сўнг, Асқаров муддатсиз очлик эълон қилишини маълум қилди.