Қозоғистоннинг Костанай вилоятида 2017 йилда 10 минг дона енгил автомобилларни йиғиш режалаштирилган. Бунга хитойлик ва ўзбекистонлик инвесторлар билан ҳамкорлик қилиш эвазига эришиш режалаштирилган, деб хабар қилмоқда alau.kz сайти. 

«Костанай вилоятида «Ўзавто» билан бирга енгил ва юк автомобилларини йирик узелли йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу миллий автомобилсозликда етакчи ўринларни сақлаб қолишда сезиларли ҳисса қўшади. Маҳаллийлаштиришни 50 фоизга етказиш мақсадида, 2016 йилда саноат ҳудудини барпо этиш бошланди», — деган Костанай вилояти ҳокими ўринбосари Роза Камалова.

Костанай вилояти ҳокими Архимед Мухамбетовнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга катта умид билан қаралмоқда. Эришилган келишувга кўра, Костанай корхоналарида унча қиммат бўлмаган автомобилларни йиғиш кўзда тутилган. 

«RAVON моделлари ўртача 2 миллион 600 минг — 2 миллион 700 минг тенге(7500-8000 АҚШ доллари) атрофида бўлади. Бугунги кунда мамлакатдаги энг арзон «LADA Priora» 3,5 миллион тенге (10500 доллар)дир. Фарқ кўриниб турибди, RAVON 900 минг тенге арзон бўлади. Сифати жуда яхши. Ҳозирча, йилига 7 минг дона йиғиш бўйича Ўзбекистон билан келишиб олдик. Албатта, ҳозирча, йирик узелли, кейинчалик, майда узелли усулда йиғишни ният қилаяпмиз», – дея хулоса қилган вилоят раҳбари. 

Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда Қозоғистоннинг Костанай вилояти 10 000 дона автомобилни йиғади.