«Нақд пуллар ўлими» қачон юз беради?

Иқтисодиёт 24 Январь 2017 96239

Тасаввур қилинг, дунё нақд пулдан тўлиқ воз кечди, нималар бўлиши мумкин, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? VC шарҳловчиси Олег Уппит шу хусусида фикр юритиб, жаҳон мамлакатларида нақдсиз тўлов тизимига ўтиш тажрибаси ва ушбу тўлов тарафдорлари ва қаршиларнинг қарашларини ўрганиб чиқди.

Муаллиф Европа ва учинчи дунё мамлакатларида бу борадаги вазиятни ўрганиб, Россия ва унинг қўшниларида cashless society деб номланувчи тўлов тизимини жорий қилиш муаммолари хусусида сўз юритди.

Қайд этиш жоизки, нақд пуллар кўпгина жиноятларнинг бош омили сифатида баҳоланади — айнан улар кўчаларда ўғирликка сабаб бўлади, «қора нақдлаштириш» воситасида ноқонуний даромадлар ўзлаштирилади ва солиқлар тўланмайди. Яширин иқтисодиёт ва жаҳон терроризми ҳам айнан нақд пулсиз мавжуд бўла олмайди.

Нақдсиз ҳисоб-китоб эса давлат ва пул ўтказувчи оператор-компанияларга фуқаронинг даромади ва харажатларига оид кенг қамровли маълумотлар олиш имконини беради. Шунга кўра, бу айни шахсга нисбатан маркетинг ёки қўпол маънода сиёсий босим ўтказишда қўл келади.

Хўш, дунёда нақдсиз тўловга ўтиш борасида тажриба қандай? Буни айниқса, Ўзбекистондаги вазият билан таққослаш фойдадан холи бўлмайди, албатта.

Сashless society (нақдсиз жамият) қандай пайдо бўлган эди?

Нақдсиз тўловларга ўтиш бўйича кашфиётчи мамлакатлар сифатида ЕИ давлатлари эътироф этилади. Гарчи Европада Брюссель томонидан cashless society борасида аниқ дастур қабул қилинган бўлмаса-да, шундай тартибни ўрнатишга доир юқоридан босим мавжуд. Масалан, яқинда 500 евро номиналидаги пул бирлигини муомаладан олиш таклиф қилинди. Шу билан бирга, Умумевропа кўрсатмаси йўқ бўлса ҳам, танга ва қоғоз пуллардан воз кечиш ва пластик карточкаларга ўтиш жараёни Евро ҳудудидаги кўплаб ривожланган мамлакатларида жадаллик билан ривожланмоқда.

Хусусан, Францияда чакана савдоларнинг 50 фоиздан ортиғи, Нидерландияда 52 фоизи, Хорватияда эса, 90 фоизи нақдсиз шаклда амалга оширилади.

Бироқ бундай тенденция ҳамма жойда ҳам бирдек эмас. Европанинг биринчи иқтисодиёти Германияда фуқароларнинг савдо битимларини амалга оширишдаги фоизлар нисбатига кўра, айтиш мумкинки, қўшни мамлакатлар ва Германия билан деярли бир хил ривожланган давлатларга қараганда икки марта кўпроқ нақд пул мавжуд.

2014 йилда немисларнинг 82 фоизи савдо битимларини амалга оширишда фақат нақд пулдан фойдаланган. Бунда, ҳатто, кўчмас мулк ёки автомобиль харид қилиш каби йирик харидларда ҳам пул ўтказиш йўлидан фойдаланилмаган. Социологлар ушбу мамлакатга хос хусусиятни ўтган асрдаги иқтисодий инқирозлар ва гипер инфляциялар сабабли халқ онгида ҳосил бўлган қарашга боғлашади.

Масалан, Веймар республикаси даврида бир неча ой мобайнида миллий пул бирлиги триллионлаб мартага қадрсизланган. Ўшанда, маошини олган одамлар, нарх наво кўтарилиб қолмаслиги учун эски нархда бирор нарса харид қилишга улгуриб қолиш мақсадида дўконга чопиш оддий ҳол бўлган. Чунки, тушдан сўнг, пачка-пачка пуллар деворга ёпиштириш учун гулқоғоз бўлишга арзир эди, холос.

Бундай шароитда пулларни банкда сақлашдан не наф. Шу билан бирга, Болгария ва Руминия, шунингдек, Россияда кузатилган гиперинфляциялар тажрибаси шуни кўрсатадики, фуқароларнинг бир неча авлоди эртага қадри қанақа бўлиши даргумон бўлган миллий валютага ишонмай қолади. Одамлар орасида банк тизимига ҳам ишончсизлик кучаяди ва улар нақд хорижий валютада жамғарма тўплашга уринишади.

Гарчи, Der Spigel «нақд пулларни тақиқлаш наркосавдо ва ноқонуний меҳнат фаолиятига зарба бериши»ни таъкидлаши, Немис иқтисодий экспертлари кенгаши вакили Петер Бофенгерц нақд пулларни «эскилик сарқити» деб аташига қарамай, Германия Европанинг cashless society талабларидан энг узоқ бўлган мамлакати бўлиб қолмоқда.

Сashless society борасида намунага айланган Швецияда ҳам муаммолар талайгина

Айтиш жоизки, нақдсиз жамият барпо этиш томон жиддий интилиши билан яхши маълум Швецияда ҳам бу борада ҳаммаси силлиқ кетаётгани йўқ. Ахир бу мамлакатда амалга ошириладиган турли хил чакана савдонинг 95 фоизи пуллардан жисмоний фойдаланмасдан амалга оширилади. Ҳатто кўчада хайрия газета-журналлари сотувчи уйсизларда ҳам терминал мавжуд.

Бу ерда Swish мобил тўлов иловаси кенг тарқалмоқда. 2014 йилда ишга туширилган тизим бир йилда 3 миллиондан ортиқ фойдаланувчини ўзига жалб қила олди.

Шу билан бирга, ҳукумат нақд пул айланмасини кескин равишда назорат қилади, банк маъмурияти кимдир ҳисобидан нақд пулларни тез-тез олаётганини қайд қилса, полицияни чақиришга ҳақли ҳисобланади. У, ўз навбатида, пул эгасининг террорчи ёки жиноятчи эмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак.

Бу шу билан изоҳланадики, Швеция иқтисодиёти касодга учрамаслиги учун пулларнинг доимий айланмасига муҳтож. Бунинг учун, ҳисоб рақамларда пул тургани учун банк мижозга эмас, балки банк хизматидан фойдалангани учун мижоз банкка маълум бир фоиз тўлашига тўғри келади. Шу билан ҳисоб рақамлардаги пулларнинг йиғилиб қолишига йўл қўйилмайди. Ҳукуматнинг cashless-сиёсати фуқароларнинг харидларни амалга оширишга мажбур қилади.

2011 йилдан бери Швецияда нақд пуллар айланмаси 30 фоизга тушиб кетди. Бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичдир. Бундай натижага қанчалик уринишмасин, Австралия ва Сингапур ҳам эриша олгани йўқ. Шундай бўлса-да, нақдсиз ҳисоб-китобга қаршилар ҳам етарлича топилади.

Швециядаги кичик бизнес мажбурий тартибда карточкаларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш ҳақларини ўз харажатлари рўйхатга киритиши керак. Аммо Швецияда total cashless (мутлақ нақдсиз) жамият барпо этишдаги яна бир тўсиқ бу қишлоқ жойлар муаммосидир. Бу ерларда етарлича POS-терминаллар бўлмаслиги ўз йўлига, борлари ҳам гоҳида сифатсиз уланиш сабабли, тўловни амалга оширишда муаммоларга дуч келинади. Яна бир жиҳати шуки, давлат карточкаларга хизмат кўрсатиш ҳақини тобора камайтираётгани сабабли, банклар жойлардаги банкоматларини олиб чиқиб кетмоқда, шу билан нақд пулларни олиш яна бир бош оғриғига айланиб улгурган.

Шунга қарамай, Швеция бу борада расмий давлат сиёсати «Vi hanterar EJ kontanter» — «Биз нақд пулларни қабул қилмаймиз» дастурини давом эттирмоқда.

Гап шундаки, ушбу аср бошларида мамлакатда банкларга босқинчилик қилиш, кўчалардан одамларни тунаш жиноятлари жуда кўп соди этилар эди. Айни шу салбий ҳолат ҳукуматни кескин чоралар кўришга ва нақдсиз жамият барпо этишга ундади.

Пастдан юқорига ҳаракат

Агар сиз бутун инсониятнинг cashless society (нақд пул жамият) барпо этиш учун шахдам қадамлар ташлаётгани хусусида эшитиб қолсангиз, Ҳиндистон, Хитой ва учинчи дунё мамлакатларида нақдсиз ҳисоб-китоб тизимини жорий қилиш ҳақида гап бораётганини англашингиз керак бўлади. Ахир бу мамлакатлардаги аҳоли сони йирик ғарб давлатлари билан қиёслаб бўлмайдиган даражада кўпдир.

Мисол учун, Ҳиндистон Швециядаги муаммоларга, бошқа ҳажмда бошқа ўлчовда дуч келмоқда. Бу мамлакатдаги нақдсиз ҳисоб моҳияти Америка ва Европадагидан тубдан фарқ қилади. Бу ерда жуда камчилик банк ҳисоб рақамларига эга бўлса, ундан ҳам камроқ одамларда карточкалар бор.

Бироқ Ҳиндистон мобил тўловлар ва тезкор пул ўтказмалари гуллаб-яшнаётган мамлакат, десак адашмаймиз.

Шу билан бирга, гарчи нақдсиз пул ўтказмалари жамият ҳаётига бу қадар кириб келмаганига қарамай, уларнинг ҳақиқий ҳажми унчалик ҳам катта эмас. Абонентлар кичик маблағларни ўтказади, кўча-кўйдаги харидларни тўлайди ва велорикшалар хизматига ҳақ тўлашда фойдаланади. Йирик суммаларнинг барчаси нақд пулда амалга оширилади.

Европада бўлгани каби, бу ерда ҳам мобил ва интернет инфратузилмаси у қадар ривожланмаган ҳудудларда нақдсиз тўловлар билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилмаса ҳам бўлади. Ҳиндистоннинг бош муаммоси шундан иборатки, мамлакатнинг аксар минтақаларида мобил алоқа 2G тезлигидан ошмайди. Бундан ташқари, кекса кишилар Европада бўлгани каби, мобил тўловлардан фойдаланишни хаёлига ҳам келтиришмайди.

Аммо банк карточаларини қабул қилувчи POS-терминалларнинг арзонлашуви нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтишни тезлаштирмоқда. Таъкидлаш жоизки, мобил тўловлар кенг тарқалган мамлакатларда cashless-жамиятга ўтиш давлат томонидан эмас, балки жамиятнинг қуйи қатлами томонидан амалга оширилаётган бўлади.

Cash only – Давлатга ишончсизлик намунасими?

Ҳа, фақат нақд пуллар. АҚШда, гарчи нақдсиз тўлов 50 фоизлик кўрсаткичдан ошиб кетган бўлса-да, cash-only (фақат нақд тўлов) дўконлар тармоғи ҳам етарлича топилади. Бу дўконларнинг мижозлари эса, давлатга умуман ишонмайдиган ёки шахсий ҳаёт ҳуқуқини қадрлайдиган кишилардир.

Шу билан бирга, АҚШда дўконларни нақд тўлаш имконини тақдим этишга мажбурлайдиган қонун мавжуд эмас.

АҚШнинг cash-only ҳаракатида турли диний гуруҳларнинг карточкаларни жорий қилишга кескин қарши чиқишлари ҳам сезиларли ўрин тутади. Нақдсиз тўлов катта суръатда ўсаётган қўшни Канадада маҳаллий тўловлар учун муқобил валюталар пайдо бўлмоқда. Уларни мамлакат ҳукумати назорат қилганича йўқ.

Канададаги каби муқобил пуллар, хусусан, ЕИнинг ривожланишда «оқсаётган» мамлакатларида ҳам учрайди. Уларнинг энг кенг тарқалган жойи Грециядир. Расмий Брюссель йирик суммаларни карточкалардан нақдлаштириб олишни чеклаш билан евронинг мамлакатдаги нақд айланмасига лимитларни жорий қилганидан бир неча йил ўтгач, мамлакатнинг турли минтақаларида 80 дан ортиқ маҳаллий валюта пайдо бўлди. Улар еврони сиқиб чиқаргани йўқ, аммо у билан бирга маҳаллий аҳоли орасида муомалада юрибди.

Африка тажрибаси: банк тизимининг умуман йўқлиги

Бу қитъада cashless-сиёсатни жорий қилишда Кениянинг нақдсиз тўлов тажрибасини алоҳида қайд қилиш мумкин. Бу ерда мобил пул ўтказмалари шунчалик ривожланмоқдаки, улар нақд ҳисоб-китобнинг ўрнини эгаллай бошлади. Унча катта бўлмаган шарқий Африка мамлакати қўшниларини мобил технологиялари бўйича иқтисодий рейтингида анча орқада қолдирмоқда. Ахир 46 млн аҳолининг 38 миллиони мобил алоқадан фойдаланади.

Бу ерда мобил тўловлар бўйича m-Pesa (суахили тилида «мобил пуллар») лойиҳаси аллақачон етакчиликни қўлга киритган ва бозорнинг 90 фоизини эгаллаб улгурган.

Хўш, cashless society жамиятини барпо қилиш билан боғлиқ вазият иккинчи дунё мамлакатларида қай аҳволда? Кимдир, масалан, Хитой бу борада ўзининг China Union Pay миллий тўлов тизимини жорий қилишга улгурган, дейди. Бошқалари, жумладан, Венесуэла ҳамон мамлакатда банкоматлар кенг тарқалгани билан фахрланишда давом этмоқда. Аслида, бу пул айланмасининг аввалги аҳволидаги тегишли ҳолдир. Россияда эса, банкомат хизматидан асосан нақд пулларни олишда фойдаланилади. Бу ерда 96 банкомат амалиётида айнан карточкадан нақд пул ечиб олинади. Шу билан бир вақтда, айнан Россиянинг «Тинькофф-банк»и унинг интернет-банкинг тизими дунёдаги энг йириги экани билан фахрланади.

Мессенжерлар ва турли ижтимоий тармоқлар орқали пул ўтказиш имкониятининг пайдо бўлиши Россия ҳам cashless society томон ишонч билан илдам қадам ташлаётганини кўрсатади. Давлат ҳам маошларни беришда пластик карточкаларни кенгроқ жорий қилиш устида иш олиб бораяпти. Иккинчи дунё мамлакатлари учун асосий муаммо – назорат ва шахсий махфийликни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолардир.

Ўзбекистонда нақдсиз ҳисоб-китоб қай даражада?

Ўзбекистонда нақд ва нақдсиз тўлов турлари ўртасидаги фарқ борасида айтиш мумкинки, гарчи банклар томонидан тўлов карточкалари кенг тарғиб қилинаётган, ҳукумат бу борадаги саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватлаётганига қарамай ҳамда нақд пул эмиссияси жиддий назорат қилинаётган бўлса-да, пластик карточка аксарият аҳоли орасида нақд пулнинг ўрнини боса олгани йўқ. Бунга, энг аввало, маҳсулот қийматининг пластик карта ва нақд кўринишдаги тўлов учун кескин фарқ қилиши сабабдир.

Бундан ташқари, вилоятларда тўлов терминалларининг кенг тарқалмагани, борларининг ҳам алоқанинг сифатсизлиги сабаб фойдаланишда ноқулайликларга олиб келиши карточкалар оммалашувига тўсиқ бўлаяпти. Республикадаги деярли барча банкоматлардан (банклардаги банкоматларда ҳам шу аҳвол эканини ҳеч ким рад этолмайди) карточкадаги пулингизни нақдлаштириб олишнинг умуман имконсизлиги пластик карточкаларга нисбатан ишончсизлик ошишига асос бўлмоқда. Бундан фойдаланган айрим “олғирлар” 20-25 фоизлик устама эвазига виртуал пулингизни моддий маблағга айлантириб беришади.

Аҳоли орасида йирик жамғармаларини ҳам нақд миллий ёки хорижий қаттиқ валютада сақлаш кенг авж олган. Улар пулларини сақлашда банкларга деярли ишонишмайди.

Шунга қарамай, республикада мобил тўлов тизимлари ҳам кенг ривожланмоқда. Бу борада етарлича танлов истеъмолчиларга тақдим этилган.

Кун янгиликлари
Абитуриент ҳикояси: “Мен ўқув маркази томонидан алдандим”
10:34 / 20.08.2017 30145 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 42374 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 158870 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 45035 Lifestyle
Илон Маск БМТдан жанговор роботларни тақиқлашни талаб қилмоқда
Коалиция бомбалари остида 80 нафар суриялик ҳалок бўлди
00:27 875 Жаҳон
РФПЛ. «Ростов» «Краснодар» билан дуранг ўйнади, Шомуродов захирадан майдонга тушди
00:23 465 Спорт
Ҳафта дайжести: 50 минг сўмлик пул, мактаб формаси, бепарво МИБ, қотил ушланди, кирилл-лотин машмашаси, Барселонадаги теракт...
00:16 2066 Жаҳон
Бундеслига. «Боруссия» М ғалаба қозонди, «Айнтрахт» дуранг ўйнади
00:13 188 Спорт
Эрдўған Ғарбнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини танқид остига олди
00:02 907 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар