АҚШ Дэвид Кэмерон ҳукуматига Британия баллистик ракетасининг муваффақиятсиз учирилиши ҳақидаги маълумотни ошкор этмасликни тавсия қилган. Бу ҳақда Times газетаси ёзмоқда.

Sunday Times газетаси якшанба куни Британия ҳукумати бир неча ой давомида Флорида қирғоқлари яқинида баллистик ракетанинг муваффақиятсиз учирилиши ҳақидаги маълумотни яширгани ҳақида ёзди. У ядро мосламанинг бош қисмини ўзида сақлашга қодир бўлган. Ҳодиса июнда рўй берди: сув ости кемасидан учирилган Trident II D5 ракетаси носозлик туфайли белгиланган йўналишдан чиқиб кетган. Бу ҳақдаги маълумот ядро кучларини модернизация қилиш бўйича эшитувларда парламентарийлар ҳукумат дастурини рад этишлари мумкинлиги туфайли ошкор қилинмаган.

"Обама маъмурияти Кэмерондан бунга изоҳ бермасликни сўраган. Афтидан, АҚШ маъмурияти бошқа ракеталар билан ҳам шундай муаммолар юзага келиши мумкинлигидан хавфсираган", - дея Буюк Британия армиясидаги манба сўзларини келтирди Times. Унинг сўзларига кўра, Британия сув ости кемаси ракетани омадли равишда учирган, “хато кузатилган қисм эса АҚШ технологияси бўлган”.

Катта эҳтимол билан ракета автоматик равишда ўзини маълумот узатиш тизимидаги носозлик туфайли йўқотган. Ракетанинг ўзи ва бошқарув блоклари АҚШнинг Мэриленд штатида Lockheed Martin компанияси томонидан ишлаб чиқарилади.

Британия бош вазири вакили душанба куни Тереза Мэй лавозимига киришишдан аввал баллистик ракетанинг муваффақиятсиз синовидан хабардор этилганини тасдиқлади.

Мэй синовлар пайтида турли носозликлар юзага келиши кўп учраб туришини, бироқ Британия ядро мажмуаси кучи ҳеч кимда шубҳа уйғотмаслигини таъкидлаб ўтган.