Покистон ўзининг Ababeel ("Қалдирғоч") номли "ер-ер" синфидаги ракетасининг илк муваффақиятли синовларини амалга оширди. Бу ракета ядровий заряд таший олади.

Ракетанинг максимал учиш узоқлиги 2,2 минг км ни ташкил қилади. Синовлар жанговар тизимни конструкторлик ва техник жиҳатдан баҳолашга қаратилган бўлган.

Ракета индивидуал нишонга олиш блокларига эга ажралувчи бош қисм тизимини қўллаган ҳолда яратилган. У "ядровий жанговар зарядларни таший олади ва душман радарларидан ўтиб, кўплаб нишонларни юқори аниқликда ура олади".

Покистон армиясида айтилишича, янги мажмуанинг ривожланиши минтақада ракеталарга қарши мудофаа тизимлари ривожланиши шароитида "Покистон баллистик ракеталари сақланишини кафолатлашга қаратилган".