Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ–2018 саралаш босқичи иккинчи даврасига тайёргарлик кўриш мақсадида 21–24 январь кунлари БААнинг Дубай шаҳрида ўқув-машғулотлар йиғинини ўтказди. Йиғин доирасида Ўзбекистон терма жамоаси Дания U-23 (1:2) ва Грузия терма жамоаси билан назорат учрашуви (2:2) ўтказди.

Бош мураббий Самвел Бабаян БААдаги йиғиндан кўзланган мақсад, ўтказлиган ўйинлар ва бўлажак режалар борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Сурияга қарши ўйин олдидан БААда ўтказилган ўқув-машғулотлар йиғинидан кўнглим тўлди. Йиғин доирасида ўтказилган ҳар икки ўйинда ўзимиз учун керакли хулосалар чиқариб олдик. Дания U-23 термасига қарши ўйинда тажрибавий таркибни майдонга туширдик. Грузия билан баҳсда эса йиғинга чақирилган асосий футболчилар ҳаракат қилди. Йиғин қисқа муддатли ва ФИФА кунларига тўғри келмаганлиги боис легионер футболчиларни таклиф қила олмадик ва терма жамоа асосини «Локомотив», «Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Бухоро» футболчилари ташкил этди. «Насаф» ОЧЛ–2017 ўтиш босқичига тайёргарлик кўраётгани учун клуб футболчилари йиғинга таклиф этилмади.

Барча футболчилар майдонда бор кучини бериб, терма жамоанинг моделига асосан ҳаракат қилди. Миллий терманинг асосий таркибида тушадиган футболчилар ўйинидан қониқиш ҳосил қилдим. Ўтказилган ҳар икки ўртоқлик ўйинида Виталий Денисов, Анзур Исмоилов ва Егор Кримецнинг йўқлиги билинди ва бунинг натижасида жами 4 та гол ўтказиб юбордик. Шулардан иккитасини стандарт вазиятдан урилди. Хатолар устида ишлаб, уларни таҳлил қилишимиз ва кейинги ўйинларга қадар бу муаммоларни бартараф қилишимиз лозим.

Йиғинда асосий эътибор Грузияга қарши ўйинга қаратилган эди. Ҳимояда йўл қўйилган хатоларга қарамай, ўйин давомида устунлик биз томонда бўлди. Ҳужум чизиғида ҳам муаммолар юзага келди. Яратилган вазиятлардан тўлиқ фойдаланилмади ва бунинг устида ҳам ишлашимиз керак. Ўйиндаги устунликни урилган голлар билан намойиш қилишимиз лозим эди. Аммо ўз дарвозамиздан кетма-кет иккита гол ўтказиб, қийин аҳволга тушиб қолдик. Лекин футболчилар ўзига бўлган ишончни йўқотмади ва тўп назоратини ўз қўлига олиб, ҳисобни тенглаштирди. Умуман олганда, ўйиндан кўнглим тўлди», – дея Бабаянинг сўларини келтиради ЎФФ расмий сайти.

Эсатиб ўтамиз, Грузия терма жамоасига қарши учрашувда ҳимоя чизиғида Азим Аҳмедов, ҳужумда эса Игорь Сергеев асосий таркибда майдонга туширилганди.