Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари Қирғизистоннинг Боткен туманидаги Кўк-Тош қишлоғи маҳаллий кенгаши депутати Розия Усаровани икки давлат чегарасида бир қатор можароли ҳаракатларни ташкил этишда айбламоқда.

ТР МХДҚ матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаевнинг «АП»га маълум қилишича, Розия Ўсарова бир неча чегарадаги иғво хатти-ҳаракатлари марказида бўлган. 

«Унинг мақсади Тожикистон фуқароларини икки мамлакат чегарасидан Сўғд вилояти ҳудудига ичкарироқ кириб кетишга ёки Қирғизистон фуқаролигини олишга мажбурлашдан иборат бўлган», - дея маълум қилди Тожикистон МХДҚ чегара қўшинлари матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, 22 январь куни тахминан 17:10 да Исфара шаҳрининг Чоркуҳ жамоатидаги Сомониён аҳоли пунктида уч нафар маҳаллий фуқаро – 32 ёшли Ёсинжон Амаков, 17 ёшли Хайруллохони Ализода ҳамда 16 ёшли Муслиҳиддин Шарипов тахминан 15 кишилик гуруҳ томонидан калтакланган. Улар бошқа давлат фуқаролари бўлган.

М. Улуғхўжаевнинг эслатишича, Сомониён аҳолиси ўз уйига бориши учун Қирғизистоннинг Кўк-Тош қишлоғидан ўтиши лозим: айнан шу ерда тожикистонлик фуқаролар калтакланган.

«Воқеа жойига Исфара милиционерлар гуруҳи етиб келди. Бироқ ёш қирғизистонликлар уларга ҳужум қилиб, учта патруль машинасининг ойнасини синдиришди. Ёш безорилар икки давлат чегара қўшинлари вакилларини ҳам тошбўрон қилишган, натижада бир нафар тожик чегарачиси енгил жароҳат олди. Шунингдек, улар Исфара шаҳрилик фуқарога тегишли “Матиз” автомашинаси ойнасини ва Исфаранинг чегара яқинида жойлашган аҳоли уйи деразалари ҳам синдирилди», - деди Тожикистон чегара маҳкамаси матбуот котиби.

Унинг маълум қилишича, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида юқоридаги иғво ҳаракатларини «Қирғизистон фуқаролари Розия Ўсарова ва Зайниддин Ҳурамов ташкил қилгани аниқланди. У ўша пайтда маст ҳолда бўлган».

Муҳаммад Улуғхўжаевнинг хабар беришича, бугунги кунда ҳодиса юз берган жой ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва икки давлат чегарачилари томонидан назорат қилинмоқда.