Ўзбекистонда яқин йиллар давомида икки фуқароликни киритиш масаласи кўриб чиқилмайди, деб хабар берди Спутник. 

Ўзбекистон Адлия вазири ўринбосари Нодир Жўраевнинг сўзларига кўра, икки фуқаролик киритилиши ҳақидаги маълумотлар — миш-мишдан бошқа нарса эмас.

"Бу ҳақда гап бўлиши мумкин эмас. Бизнинг давлатимизда битта фуқаролик бор. Ўзбекистонда икки фуқаролик масаласи муҳокамага киритилгани ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатдан йироқ. Бу шунчаки — миш-миш. Балки, хорижга чиқиш паспортлари киритилиши режалаштирилаётгани боис, кимдир бу масалани ўзича талқин қилган бўлиши мумкин", - дея таъкидлаб ўтди Жўраев.

Маълумот учун, Конституцияга кўра, Ўзбекистонда бутун республика ҳудуди учун ягона фуқаролик ўрнатилади. У барча учун уни олиш асосларидан қатъий назар бир хил ҳисобланади. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахс томонидан хорижий давлат фуқаролигига кириши тан олинмайди.