Ўзбекистонда Электрон лицензиялаш портали ишга тушади

Ўзбекистон 24 Январь 2017 5129

Ўзбекистонда яқин уч ой ичида Электрон лицензиялаш портали ишга тушади, деб ёзмоқда Sputnik агентлиги. Ушбу портални ишга тушириш Ўзбекистонда 2021 йилга қадар ривожлантириш талаб этилаётган бешта асосий йўналишдан биридир. Электрон лицензиялаш портали бугунги кунда синов тартибида ишга туширилган. Бу ҳақда агентлик мухбирига Ахборот технологиялари ва коммуникациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Шерматов маълум қилган.

“Республикада бугунги кунда лицензиялашнинг маълум турлари бор. Давлат томонидан кўрсатилаётган лицензиялаш хизмати ҳар доим ҳам ошкора ва тўғри амалга оширилмайди. Ушбу жараёнга субъектив омиллар таъсир  қилиш ҳолати кўп учрайди. Бизнинг вазифамиз субъективликни йўқ қилиш ва хизматни белгиланган муддатда амалга ошириш”, — деган Шерзод Шерматов.  

Унинг сўзларига қараганда, Портал лицензиялар ва рухсатномалар беришнинг давлат ташкилотларига боғлиқ бўлмаган, марказлашган тизимини ташкил қилишга ёрдам беради. Портал ишга тушгач, турли лицензия ва рухсатномаларнинг 40 хилини олиш мумкин бўлади. 2019 йилга келиб, Портал орқали Ўзбекистонда мавжуд бўлган барча турдаги лицензияларни бериш жорий этилади. 

“Бундан аввал, ҳар бир давлат ташкилоти лицензия олиш учун топширилган аризани ўз журналида рўйхатдан ўтказар эди. Ташкилот қонунда белгиланган 15 кун ичида жавоб бера олмасди, чунки бу билан шуғулланишга ҳеч кимнинг вақти йўқ эди. Портал пайдо бўлиши билан замонавий элеткрон тизим ишга тушади ва ким қаерда қандай қонунбузарлик қилаётгани яққол кўринади”, — деб таъкидлаган Шерматов.

Ушбу лойиҳанинг асосий мақсади – тадбиркорлар учун бизнес-муҳитни яхшилашдир. Лойиҳани амалга ошириш учун фақат ушбу йил давомида 80 миллион сўм ажратилган. Техник жиҳатдан қилинадиган ишларнинг аксарияти бажариб бўлинган. Эндиликда, давлат ташкилотларини Портал билан ишлашга тайёрлаш лозим. 

Эслатиб ўтамиз, охирги 5 йил ичида Ўзбекистонда олинадиган рухсатномаларнинг 80 хили, лицензияларнинг 15 тури бекор  қилинган. Шунингдек, 65та мажбурий статистик маълумотномалар бекор қилиниб, 23 хил аризани кўриб чиқиш муддати қисқартирилди. 

Рухсатнома бериш жараёни икки баравар тезлаштирилди, уларнинг нархи эса — 5 баравар арзонлаштирилди. Солиқ хизматларининг 22 хил интерактив тури ишга туширилди. Бунинг эвазига тадбиркорлар вақт ва маблағларини тежаш имконига эга бўлишди.

Кўпроқ янгиликлар