24 январь куни "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси давом эттирилди. 2-кун мавзуси: Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари.

Тадбирда соҳа бўйича бир қатор давлат органлари вакиллари, журналистлар ва жамоатчилик ташкилотлари ходимлари қатнашишди. Унда халқнинг мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларнинг юридик органлар билан электрон алоқа ўрнатиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шу ўринда мутахассисларимиз Ўзбекистонда ташкил этилган халқ қабулхонасининг дунёда муқобили йўқлигини таъкидлаб ўтишди. Келажакда кўп давлатлар бу тажрибани ўзида жорий қилса ажаб эмас.

Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида фуқароларнинг давлат идораларига мурожаати бўйича қуйидаги вазифалар белгиланганлиги қайд этилди:

Биринчидан, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонунга қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

Иккинчидан, қонунларга депутат ва сенаторларнинг шахсий, сайёр ва видеоконференция бўйича алоқа ўрнатиш орқали фуқароларни масофавий қабул қилиш, виртуал қабулхоналарни ташкил этиш тартибини белгилаб берувчи ўзгариш ва қўшимчалар киритиш.

Учинчидан, барча ҳуқуни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарларининг виртуал қабулхоналарини ташкил этиш назарда тутилади. Бугунги кунга келиб уларнинг аксариятида виртуал қабулхоналар ташкил этилиб, улар ўз фаолиятини йўлга қўйишга улгурган.

Тўртинчидан, ҳар бир давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларида мурожаатлар билан ишлаш бўйича алоҳида бўлим ташкил этиш.

Бешинчидан, мурожаатларнинг келиб тушиш манзили, уларнинг мазмуни, тури, кўтарилган масалалар классификацияси, шунингдек такрорий мурожаатлар ҳисоби, кўриб чиқиш натижаси, интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарлик масалалари бўйича таҳлиллар олиб бориш мақсадида "Аҳоли мурожаатлари шакли, турлари ва мазмуни бўйича Давлат намунавий классификатори" лойиҳасини ишлаб чиқиш, мурожаатларни рўйхатга олиш тизими бўйича ягона электрон дастурни тадбиқ этиш.

Олтинчидан, аҳолига ҳуқуқий масалалар бўйича тушунтириш ишлари олиб боришни фаоллаштириш, ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, замонавий ахборот технологиялари ёрдамида ҳуқуқий маслаҳатларни кенг тарғиб қилиш мақсадида давлат органлари ва жамоат ташкилотлари веб-сайтлари орқали ўз йўналиши бўйича онлайн юридик тизим ташкил этиш.

Еттинчидан, мурожаатлар энг кўп келиб тушадиган соҳалар, улардаги тўсиқлар ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир давлат ва хўжалик бошқарув органларида мурожаатлар билан ишлаш фаолиятини ҳар чоракда умумлаштириш, идораларнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича фаолияти борасида аҳолининг фикрини ижтимоий сўровномалар асосида аниқлаш ва камчиликларни бартараф этиш тартибини жорий қилиш.