24 январь куни пойтахтдаги "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси давом эттирилди. Медиаҳафталикнинг иккинчи куни қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларига эътибор қаратилди. 

Тадбирда иштирок этган мутахассислар жиноят қонунчилигида бир қатор ўзагаришлар киритилгани, жиноий жавобгарликдан озод қилиш масаласи, ярашув институтларини кенгайтириш борасида сўз юритишди. Бунда асосий урғу жиноятларнинг олдини олиш - профилактикага қаратилди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси ҳуқуқбузарликларнинг объектив ва субъектив сабабларини аниқлаш, уларнинг олдини олишни кўзда тутади. Жамоатчилик ташкилотлари ҳам бу жараёнга жалб этилади. Терроризм, экстремизм, коррупция, жиноятчилик билан курашиш борасида ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш масаласи кўриб чиқилиши таъкидланди. 

Бундан ташқари ИИВ фаолиятини назорат қилиш, уларнинг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш масаласи ҳам янги стратегия доирасида муҳокамага қўйилгани маълум қилинди. 

Профилактика ишлари доирасида маҳалла билан ҳамкорлик олиб бориш, одамларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, ОАВ тарғиботи муҳим ўрин тутиши таъкидланди. Қонунчиликни мустаҳкамлаш йўлида фақат чуқур таҳлил орқалигина исталган натижага эришиш мумкинлигига урғу берилди.