АҚШнинг янги мудофаа вазири Жеймс Мэттис келаси ҳафта Япония ва Жанубий Кореяга ташриф буюради, деб хабар берди "Рейтер" агентлиги ўз номини ошкор этишни истамаган америкалик амалдорга асосан.

Аввалроқ "Киодо" агентлиги дипломатик манбаларга асосланиб, Мэттис Жанубий Корея ва Японияга февраль ойининг бошида бориши ҳақида хабар тарқатганди. Кутилишича, Мэттис Япония мудофаа вазири Томоми Инада, шунингдек мамлакат бош вазири Синдзо Абэ билан учрашув ўтказади. Япониянинг ташвишига сабаб бўлаётган масала – Хитойнинг Жанубий Хитой денгизидаги фаоллашувининг ортиши ва Шимолий Кореянинг ядро ҳамда ракета дастурини муҳокама қилиш ниятида.

Бу Мэттиснинг лавозимига киришгандан сўнг биринчи хорижий сафари бўлади. Таҳлилчиларнинг фикрича, илк ташрифнинг Японияга бўлиши Осиёдаги иттифоқчиларга Вашингтон бу минтақага катта эътибор қаратишини кўрсатиб бериши керак.