АҚШнинг Пенсильвания штатидаги Питтсбург шаҳрида истиқомат қилувчи эркак АҚШ президенти Дональд Трампнинг сиёсати ҳақидаги баҳс давомида ўз қўшнисининг қулоғини тишлаб, узиб олди. Бу ҳақда CBS Pittsburgh сайти хабар берди.

Эркак мамлакатга Мексикадан кўчиб келган бўлиб, янги президент уни АҚШдан чиқариб юборишидан хавотирда бўлган. У спиртли ичимлик таъсирида мамлакатдан чиқариб юборишмоқчи бўлса, кўплаб инсонларни ўлдиришга ҳаракат қилишини айтган.

Мексикалик билан бир хонадонда яшовчи Марко Ортиз исмли 30 ёшли йигит эса қўшниси билан мунозарага кирган, бироқ эркак унга ташланиб, бармоқларини қайириб ташлаган ҳамда қулоғини тишлаб олган. Жабрланган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасига қадар қочиб бориб, ёрдамга чақирган.

Полиция етиб келганида эса гумонланувчи қочиб қолгани аниқланди. Ортиз касалхонага олиб кетилди, унинг аҳволи барқарор экани айтилди. Тишлаб, узиб олинган қулоқ  эса хонадондан топилди.

Маълумот учун, Трамп ўзининг сайловолди кампанияси вақтида АҚШ ҳудудида ноқонуний равишда истиқомат қилувчи тахминан 11 миллион кишини мамлакатдан чиқариб юбориш ниятида эканини маълум қилганди. Шунингдек, сиёсатчи Мексика билан чегарада девор қуришга ҳам ваъда берган.