АҚШнинг Флорида штати Форт-Лодердейл шаҳридаги Эверглэйдс портига Кубадан сўнгги 50 йил ичидаги биринчи қонуний юк ортилган кема сешанба куни кириб келди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги хабар берди.

Кема Кубада хусусий ишчилар бирлашмаси томонидан ишлаб чиқилган пистакўмир ортилган иккита контейнерни олиб келди. Бу собиқ президент Барак Обама даврида мамлакат молия ва савдо вазирликлари томонидан берилган бир қатор енгилликлар туфайли юз берган.

Пистакўмир эса АҚШга ишбилармон Скотт Гилбернинг буюртмаси билан олиб келинди. Унинг компанияси Кубадаги ишлаб чиқарувчилардан 80 тонна кўмир харид қилиш ниятида эканини маълум қилганди. Ёқилғининг бу тури кучли ёниш билан ажралиб туради, шунинг учун нон пишириш печларида кўпроқ ишлатилади. ОАВ хабарига кўра, Гилберт ҳар бир тонна учун 420 АҚШ доллари тўлаган, бу эса бозор нархидан анча кўп дегани.
Обама Куба билан муносабатларни яхшилаш ҳақида 2014 йилнинг декабрида маълум қилди. Ўшандан бери мамлакатлар дипломатик алоқаларни тиклаб, бир қатор соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришди. Бироқ савдо эмбаргоси фақатгина Америка Конгресси томонидан буткул бекор қилиниши мумкин.