"...бўлиши кутилмоқда", "бир кунда ҳал бўладиган масала эмас...": бу каби сўзлар билан иқтисодиёт ривожланармикан?

Ўзбекистон 25 Январь 2017 37040

Маълумки, 25 январь куни "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг навбатдаги жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди. Медиаҳафталикнинг 3-кун мавзуси: Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари бўлди. 

Медиаҳафталик доирасидаги тадбирлар тақдимот, савол-жавоб, таклифлар схемаси бўйича ўтказилмоқда. Бугунги йўналишга қизиқиш билдирганлар жуда кўпчиликни ташкил қилгани диққатга сазовор, албатта. Одам кўплигидан залга қўшимча стуллар қўйилди, лекин... тадбирнинг иккинчи қисмида ташриф буюрганлар сони камайди... 

Залда йиғилганлар ва  онлайн кузатувчиларда бу йўналиш бўйича  саволлар кўплиги шундоққина кўриниб турарди. Бироқ... жавоблар тадбирда иштирок этган аксариятни қониқтирмади - уларда аниқлик етишмади. Банк тизими, қишлоқ хўжалиги, хусусий мулк ва тадбиркорлик, туризм борасидаги саволларга жавоб берган спикерларимиз саволларга жавоб беришда умумийликка таяниб, айнан зарур жиҳатларни четлаб ўтишга ҳаракат қилишди. 

Туризм йўналиши бўйича саволлар талайгина бўлди, аммо Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан ҳеч ким келмади, натижада Ҳаркатлар стратегияси борасида аҳолини қизиқтирган бир қатор саволлар жавобсиз қолди... бу давлат миқёсидаги аҳамиятга эга бўлган тадбирга нисбатан масъулиятсизлик эмасми? 

Соғлом рақобат, давлат ва хусусий корхоналарга берилаётган имтиёзлар, туризм соҳасида гидларнинг саводсизлиги, зарур маълумотлар билан таъминлаш, боғдорчилик маҳсулотларини сақлашга доир саволлар берилди. 

Шунингдек аҳолининг оғриқли нуқтаси - пластик карточкалар, банкларда кўрсатилаётган хизматлар сифати тўғрисида аниқ саволлар билан мурожаат этилди. Спикер ва экспертларимиз уларга жавоб беришга ҳаракат қилишди... лекин аниқлик йўқ. 

Мутахассисларимизнинг сўзларига кўра, банкларда ҳеч қандай чекловлар йўқ, мурожаат қилган кишига муайян миқдордаги нақд пул ечиб берилади, банкларда амалга оширилган операцияларга қўшимча пул олинмайди ва ҳоказо. Шу ўринда савол пайдо бўлади - агар ҳаммаси улар айтгандек бўлса, нима учун аҳоли ҳали-ҳануз пластик карта билан боғлиқ кўплаб муаммоларга дуч келмоқда? 

Ҳаракатлар стратегиясига бағишланган медиаҳафталикнинг мақсади нима? 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади - олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, жамият ва давлатнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун барча шароитларни яратиш, мамлакатни модернизация қилиш бўйича барча устувор йўналишларни амалга ошириш ва ҳаётнинг барча жабҳаларини либераллаштириш. Шундай экан, мавжуд муаммолар ва камчиликлар  очиқ-ойдин муҳокамага қўйилса, Стратегияларда қайд этилаётган шаффофлик таъминланса, уларни баратараф этиш осонроқ кечармиди? 

Тўғри, бундай медиаҳафталик юртимизда илк бор ўтказилмоқда, эҳтимол шунинг учун кўп саволларга ноаниқ жавоб берилгандир. Бироқ кечаги тадбирда ҳуқуқшуносларимиз ўз олдиларига қўйилган вазифаларни, аниқ лойиҳалар, фактлар, шу кунгача қилинган ва бундан кейин амалга ошириладиган ишлар бўйича аниқ маълумотлар беришди-ку! Наҳот,  ҳурматли иқтисодчиларимиз шундай жавобларни бера олишмаса?!

Шу ўринда Швейцария элчихонасида иқтисодий ишлар бўйича мутахассиснинг саволи кўпчиликни ўйлантириб қўйди. 

Савол: "Швейцариядан олиб келинаётган ускуналар қачон ўзбекистонлик тадбиркорларга конвертация қилинади? Швейцария инвесторлари Ўзбекистонга сармоя киритишга тайёр, қайси давлат органи бу ишлар билан шуғулланади?! "Ейилган сомсага пул тўлаш вақти келмадимикан?"

Элчихона ходими бу масалада давлат органларига мурожаат қилинганлиги, лекин савол ҳали-ҳануз очиқ қолаётганини таъкидлади. Бир мурожаатнинг кўриб чиқилиши шу қадар узоққа чўзилишига сабаб нима? "Муҳим ва ўткир саволларни четлаб ўтилмасин, илтимос. Мен Швейцария учун айтмадим бу гапни, Ўзбекистонни ривожлантириш масаласи кўрилаётгани учун айтдим. Бундай кетаверса, инвесторлар ҳам ўйлаб иш қиладиган бўлади. Президентимиз олдимизга қўйган вазифаларни ҳал қилиш керак-ку, ахир!", - дея очиқ мулоқотга чорлади у.

Бунга жавобан кимдир бу ишни банк ҳал қилмайди деса, яна кимдир баъзи керакли ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, шу боис ишлар чўзилиб кетишини айтишди... Бундай жавобдан қониқмаган савол эгаси "Марказий банк ҳал қилмайди дейишнинг ўзи қонунчиликка тўғри келмаслиги"ни айтиб жавобга муносабат билдирди. Залда ўтирган экспертлардан бири ҳам бу саволга жавоб беришга ҳаракат қилиб кўрди: "Чет эл инвесторлари бизга мурожаат қилишди, ҳужжатлар етишмовчилиги бўлди, шунга чўзилиб кетди. Таъкидлаш жоизки, давлат органлари хўжалик корхоналари фаолиятига аралашишга ҳаққи йўқ".

Бундан ташқари, солиқчилик ҳужжатларини соддалаштириш вақти келмадимикан деган мазмундаги мурожаат бўлди. Бунга жавобан ижро интизомини тартибга келтириш кераклиги, имтиёзлар яратилгани, лекин механизм йўқлиги айтилди ва давлат органларини бу борада ўзаро ҳамкорлик қилишга чақирилди. 

"Эркин конвертация учун база етарлими?"деган саволга бунинг ижобий ва салбий томонлари борлиги, Ҳаракатлар стратегияси давомида босқичма-босқич амалга оширилиши ва бу аниқ ҳисоб-китоблар талаб қилиши таъкидланди. Шунингдек буларнинг барчаси жуда мураккаб жараён эканлигига эътибор қаратилди... 

"Имтиёзлар яратилмоқда", "...бўлиши кутилмоқда", "бир кунда ҳал бўладиган масала эмас...", "ҳеч қандай чекловлар йўқ...", "жуда мураккаб жараён..." - қизиқ, бундай сўзлар билан иқтисодиётни тезкор ривожлантириб бўлармикан? 

Халқда бу йўналиш бўйича савол ва таклифлар кўп... уларнинг аксарияти бугун билдирилди ҳам. Ўйлаймизки, иқтисодчиларимиз бундан буён янада масъулият ҳис қилиб, ана шу истак билан ёниб яшаб, мустақил Ўзбекистон иқтисодиётини юқори поғоналарга кўтаришади. Иқтисодиётнинг ривожланишига ишонган, шу иштиёқда чин дилдан, ҳалол хизмат қилган инсонгина бунга қолганларни ҳам ишонтира олади. 

Кун янгиликлари
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 4262 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 5125 Жамият
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 / 21.08.2017 20772 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 49715 Жамият
Келажак мевалари: фарғоналик бемор онанинг икки нафар норасида фарзандига ёрдам қўлини чўзайлик
23:59 / 21.08.2017 3911 Жамият
Барселоналик террорчини йўқ қилишда синчков аёл ёрдам берди
23:57 / 21.08.2017 2311 Жаҳон
Шимолий Кореяга қочиб кетган охирги америкалик ҳарбий вафот этди
23:34 / 21.08.2017 4279 Жаҳон
Хитой хорижий инвестицияларга чеклов жорий қилди
23:08 / 21.08.2017 2443 Жаҳон
Дайжест: Самарқандда ҳокимлар алмашинуви, гўшт импорти учун имтиёз, Асакадаги заводда танаффус ва куннинг бошқа хабарлари
22:59 / 21.08.2017 3678 Жаҳон
Қозоғистонда ўзбек автомобиллари ишлаб чиқарилиши кенгайтирилиши мумкин
22:48 / 21.08.2017 3736 Технология
Кўпроқ янгиликлар