Интернетда Хитойнинг Россия билан чегарада ҳарбий ракеталари жойлаштирилгани ҳақидаги хабарлар миш-мишлардан ўзга нарса эмас. Бу ҳақда РИА “Новости” Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматига асосан хабар тарқатди.

Сешанба куни Хитойнинг Global Times газетаси интернетда Хитой томонидан ишлаб чиқилган "Дунфэн-41" (DF-41) қитъалараро баллистик ракетаси сурати пайдо бўлгани ҳақида ёзди. ОАВ маълумотига кўра, бундай ракеталар учта бригадасидан биттаси Россия билан чегарага яқин ҳудуддаги Хэйлунцзян шимоли-шарқий вилоятида жойлаштирилган.

"Айни дамда Хитой ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва муносабатлар юқори даражада сақлаб турилибди, икки томон ўртасидаги стратегик ўзаро ишонч доимий равишда чуқурлаштириб борилмоқда. Ҳарбий масалага келсак – бу интернетда тарқалган тахмин ва миш-мишлардан ўзга нарса эмас", - дейилади Хитой ташқи сиёсат идорасининг ёзма изоҳида.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Москва Хитой қуролли кучлари ривожини таҳдид сифатида қабул қилмаётганини маълум қилганди. Кремль вакили қўшимча қилишича, Пекин мамлакатнинг стратегик иттифоқчиси саналади.

Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, DF-41’нинг максимал парвоз масофаси 14 минг километрга тенг. Тахминларга кўра, у ўзига 10-12 индивидуал қаратилган ядро блоклари жойлаштирилган ажралувчи бош қисми билан жиҳозланган.