23-27 январь кунлари "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиаҳафталик бўлиб ўтмоқда. 3-кун мавзуси "Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишлари" бўлди. 

Тақдимот қисмидан сўнг халқ вакиллари мутахассисларга йўналишлар бўйича саволлар билан мурожаат қилишди. Таъкидлаш жоизки, тадбирда пластик карта борасидаги савол-жавоблар кўпчиликни ташкил қилди, уларнинг барчасини бир тадбирга сиғдириб бўлмайди, албатта. Қуйида ана шундай савол-жавоблардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз. 

Пластик картадан бошқа бир пластик картага пул ўтказганда олиб қолинадиган 2 фоизлик тариф тўлови кўп эмасми, деган мазмунда савол берилди. Бунга жавобан ягона тариф тизимига кўра, банкларда амалга оширилган операцияларда пул олинмаслиги таъкидланди. Pay me, Click каби телефон иловаларидан амалга оширилган ўтказмаларда эса фоиз олиб қолиниши, чунки улар ҳам тадбиркорлар ҳисобланиши айтилди. Мутахассисларимиз рақобат кучайган сари бундай иловалардан пул ўтказмалари учун олинадиган фоизлар камайишига умид билдиришди. 

Тадбиркорлардан бири банкка ўз қўл остидаги ишчисига ойлик иш ҳақини тўлаши мақсадида пластик карта олиш учун боргани, лекин банкда карта қолмагани масаласида мутахассисларга мурожаат қилди. Бунга жавобан пластик карта - импорт экани, у четдан олиб келиниши айтилди ҳамда келгусида ўзимизда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётгани тўғрисида маълум қилинди. Унгача шўрлик ишчи нима қилсин? 

Истеъмолчилардан бири ойлик иш ҳақи 100 фоиз пластик карталарга ўтказилиши ҳақидаги гап-сўзлар рост ёки ёлғонлиги борасида мурожаат қилди. Бунга жавобан ишчи ходим 100 фоиз ойликни картага ўтказишни сўраб, ариза билан мурожаат қилган тақдирдагина шундай қилиниши айтилди. Банк тизими қонунчилигида пулларни нақдлаш борасида ҳеч қандай чекловлар йўқлиги таъкидланди, ҳар бир банк ўз имкониятидан келиб чиқиб, бу масалада фуқароларга хизмат кўрсатиши қайд этилди. Бу мазмундаги миш-мишларга ишонмаслик тавсия этилди. Бироқ бу соҳада маълумотлар беришда шаффофлик, очиқлик таъминланмас экан, баъзи инсонлар ана шундай миш-мишларга беихтиёр ишониб қолаверади, назаримизда...

Пластик карта масаласида савол кўплиги боис Марказий банкнинг ишонч телефон рақами тақдим этилди: 200-00-44