Транстинчокеани ҳамкорлиги (ТТҲ) келишуви АҚШ иштирокисиз давом эта олмайди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги. Канада ташқи ишлар вазири Христю Фрилэнд шундай фикрни билдирган.

23 январь куни Дональд Трамп АҚШнинг ТТҲдан чиқишига доир фармонни имзолаган эди. Ушбу келишув доирасида Осиё-Тинч океани минтақасида эркин савдо ҳудудини ташкил этиш режалаштирилган эди. Минтақа мамлакатлари ҳиссасига жаҳон иқтисодиётининг 40 фоизи ва жаҳон савдосининг учдан бири тўғри келар эди. 

"Бу келишув шундай барпо қилинганки, у фақат АҚШ иштирокида кучга кириши мумкин эди. Шундай қилиб, ТТҲ, АҚШнинг иштирокисиз, ҳаётга татбиқ этила олмайди", — деган Фрилэнд.

АҚШ раҳбарлигида тайёрланган Транстинчокеани ҳамкорлиги келишуви 7 йил мобайнида 12 мамлакат вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида 2016 йил февралида имзоланган эди. АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти ушбу битимни Хитойга иқтисодий жиҳатдан қарши туришда асосий чоралардан бири деб баҳолар эди. Бироқ, АҚШ конгресси ҳужжатни ратификация қилмагани сабабли у кучга кирмади. Трамп эса, лавозимига киришиши билан мамлакатининг ушбу келишувидан чиқишини бошлашга фармон беришини таъкидлаб келган эди.