Қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик депутатлар корпуси фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланди

Ўзбекистон 25 Январь 2017 4294

25 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йилдаги фаолияти якунларини ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 

Парламент қуйи палатаси аъзолари ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2016 йилдаги фаолияти якунларини муҳокама қилишдан бошладилар. Палатанинг ҳисобот давридаги фаолияти танқидий баҳоланди, депутатларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати каби муҳим йўналишлардаги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар белгиланди. 
Ўтган йилда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонунлар қабул қилинганлиги таъкидланди. Хусусан, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисида белгилаб берган вазифаларни амалга ошириш  келгусида Қонунчилик палатасининг жорий фаолиятида устувор йўналиш бўлишини таъкидладилар. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик депутатлар корпуси фаолиятининг асосий принциплари бўлади. Шунингдек, ишларнинг ҳолатини шахсан ўрганиш ва аҳолининг зарурий эҳтиёжларини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида депутатларнинг жойлардаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилади

Кўпроқ янгиликлар