Nestlé Family билан бўлган судда ғолиб чиқди

Ўзбекистон 25 Январь 2017 16704
Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси Family сув ишлаб чиқарувчисига Nestlé товар белгиларига ўхшаш бўлган график элементлардан фойдаланишни тўхтатиш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар берди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, «Нестле» компанияси ўзининг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиш мақсадида 2016 йилнинг 26 апрель куни Тошкент шаҳри хўжалик судига Family бренди остида сув ишлаб чиқарувчи Family Group ҚК компанияси устидан ариза юборди.

Тошкент шаҳри хўжалик суди 2016 йилнинг 24 май куни «Нестле» компанияси аризасини қаноатлантирди. Family Group эса суд қарорига қўшилмай, биринчи инстанция суди қарорини бекор қилиш тўғрисида кассация шикоятини юборди.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 2017 йил 9 январдаги қарори билан Тошкент шаҳри хўжалик судининг 2016 йил 24 майдаги қарори ўзгартиришсиз қолдирилди ҳамда Family Group ҚКнинг кассация шикояти қаноатлантирилмади.

Кўпроқ янгиликлар