2017 йил 19 январида Самарқанд шаҳрининг навбатчилик хизматига эътиборли фуқаролар қўнғироқ қилиб, Даҳбет кўчасидаги хусусий ҳовлилардан бирида тўпланган шубҳали шахслар ҳақида хабар қилишган. Фуқаролар маълумотига зудлик билан чора кўрган ҳуқуқ-тартибот идорасининг бир гуруҳ ходимлари вазиятни аниқлаш бўйича айтилган манзилга йўл олишган. Аниқланишича, айтилган манзил бўйича ноқонуний, яширин диний ташкилот ҳисобланувчи «Иегова шоҳидлари» аъзолари – адептларнинг  рухсат берилмаган диний йиғилиши ташкил этилган. 

Ҳуқуқ идоралари ходимлари, Самарқанд шаҳар Даҳбет кўчаси 21 уйда яшовчи фуқаро Қосимова Розия Азимовна, ўзи истиқомат қиладиган уйда Самарқанд вилояти адлия идораларида рўйхатга олинмаган «Иегова шоҳидлари» диний ташкилотига аъзо бўлган адептларнинг ноқонуний йиғилишини уюштирганини аниқлашган. Суриштирув чоғида Самарқанд шаҳри ва унга яқин ҳудудларда яшовчи 9 киши йиғинда қатнашгани маълум бўлган. 

Йиғилиш ўтказилаётган уй кўздан кечирилганда диний мазмундаги адабиётлар аниқланган ва процессуал тартибда «Инжил», «Муқаддас китоб», «Рассуждение с помощью писаний», «Организованный чтобы исполнять волю Иегови», «Познание ведущее к вечной жизни», «Руководство для школы теократического служения», «Фарзандларингизга таълим беринг», «Муқаддас китоб таълимотлари», «Духи мёртвых» журнали, Ислом динига боғлиқ бўлмаган диний мазмундаги варақалар, 2 дона планшет ашёвий далиллар сифатида мусодара қилинган. 

Атрофдаги кишиларнинг сўзларига кўра, Розия Қосимова узоқ вақт мобайнида Самарқанд шаҳрининг мусулмон аҳолиси орасида ушбу ташкилотга киритиш бўйича ташвиқот ишларини олиб борган ҳамда «Иегова шоҳидлари» ташкилоти ғояларини тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатган.

Қайд этиш жоизки, Розия Қосимова 2007 йилда ҳам шу каби фаолияти учун маъмурий жазога тортилган. Айни вақтда, ноқонуний диний йиғилиш ташкилотчиси ва унинг фаол аъзоларини Маъмурий-процессуал кодекснинг 241-моддаси («Диний билимларни таълим бериш тартибини бузиш») ва 184-моддаси 2-банди (Диний мазмундаги материалларни ноқонуний тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ва тарқатиш).

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси дунёвий, кўпмиллатли, динлараро бағрикенг давлат ҳисобланади. Бу ерда кўп асрлардан буён дини, эътиқоди, ишончидан қатъиназар турли миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келмоқда. Бироқ, ҳозирги давр талаблари диний фаолиятнинг рухсат берилмаган, ноқонуний ва рўйхатдан ўтмаган кўринишларидан ҳимояланишни тақозо этади.  

Шунга кўра, республикамиз миқёсида фарзандларимизни савобли иш дея алдаётган жиноий гуруҳлар, йиғинлар фаолиятига доимий равишда барҳам бериш талаб этилади. Ҳеч ким бундай ғаламисларнинг яширин йиғини, тўпланишлари ва мажлисларига рухсат бергани йўқ. 

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, биринчи навбатда Конституцияси ҳамда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуни диний таълимотларни мажбурлаб сингдириш ёки тарғиб қилишни тақиқлайди. Шундай экан, ҳар қандай миссионерларнинг бундан кейинги қилмишлари ҳам аёвсиз тўсилади. Бу эса, мамлакатда динлараро тинчлик ва тотувлик ҳамда адолатни кафолатлайди.